Президент Ислом Каримов 30 январь куни 85 ёшга тўлган бўларди. Мустақил Ўзбекистоннинг биринчи давлат раҳбари таваллуд куни муносабати билан «Газета.uz» 17 йил давомида Ислом Каримовга учувчилик қилган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган авиация ходими Эркин Гулямов билан суҳбатлашди.

— Авиация соҳасини танлашингизга кимлар ёки нималар сабаб бўлган?

— 1960−70 йилларда аксарият мактаб битирувчилари келажакда учувчи бўлишини айтарди. Чунки у пайтларда ҳам бу касб эгаси жуда машҳур эди, кўпчиликнинг ҳаваси келарди. Биз ўқиган мактабдаги йигитларнинг ҳам деярли бари учувчи бўламан, дерди.

Эркин Гулямов. Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»Эркин Гулямов. Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»

Бувам раҳматли Тошкентдаги авиазавод (ТАПОиЧ)да меҳнат қилган. Ундан кейин дадам ҳам шу соҳада ишлади. Дадамнинг асл касби шифокор эди. 9 йил Бухорода ишлаган, 1960 йилларда эса Ўзбекистон фуқаро авиацияси бирлашмаси (ҳозирги Uzbekistan Airways)га бош шифокор бўлиб ишга кирган. Бош шифокорларга ҳам авиациячилар либосини кийиш мажбурий эди, шу боис дадам уйга учувчилар формасида келарди.

У вақтларда мактаб ўқувчиси эдим. Бувам ва дадамга ҳавас қилиб, мен, укам ва амакиваччам шу соҳани танлаганмиз. 1973 йили Россиядаги авиация билим юртига ўқишга кирганман. У ерда ҳарбий ва фуқаро авиацияси учун учувчилар тайёрланарди. Ўқишни аъло баҳоларга тугатиб, Сергели аэропортида (Тошкентнинг маҳаллий йўналишлар учун мўлжалланган эски аэропорти — таҳр.) иш бошлаганман.

Беш йилдан кейин Киев авиация муҳандислари институтининг сиртқи бўлимига ўқишга кирганман. У ерни ҳам учувчилик, ҳам инженерлик бўйича олий маълумотли кадр сифатида битирганман. Институтда Ан-24, Ту-154 ва Ил-86 каби СССР самолётларини бошқаришни ўрганганман.

— Аммо сиз узоқ йиллар давомида «Боинг» самолётларини бошқаргансиз, тўғрими?

— Тўғри. Ўзбекистон мустақилликка эришгач, президент Ислом Каримовнинг фармони билан «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси ташкил этилди. Ўша йили Ўзбекистон Халқаро фуқаро авиацияси ташкилотига аъзо бўлди. Шундан сўнг Ўзбекисонда фуқаро авиацияси ривожлана бошлаган, Ғарб мамлакатларида ишлаб чиқарилган Airbus, Boeing самолётларини харид қилиш учун ҳаракатлар бошланган.

1993 йил бошида 12 киши танлаб олиниб, Германиянинг Франкфурт ва Берлин шаҳарларига ўқув-машғулотларига юборилди. Биринчи гуруҳ таркибида мен ҳам бор эдим. Биз Францияда ишлаб чиқариладиган А-310 ва А-300−600 самолётларини бошқаришни ўрганганмиз. 1996 йили биринчи гуруҳдаги учувчилар АҚШга Boeing-767 самолётини ўзлаштириш учун борганмиз.

Нафақага чиққунча А-310 ва Боинг самолётларини бошқардим.

авиация, ислом каримов, эркин гулямов

— Соҳангиздаги ёш кадрлар ва ҳамкасбларингиз сизни биринчи президентнинг учувчиси сифатида билади. Қандай қилиб Ислом Каримовнинг учувчисига айлангансиз?

— Ислом Абдуғаниевич учун сотиб олинган Boeing-757 самолётини 1997 йили Техас (АҚШ)да синовдан ўтказганман. Синовлардан сўнг самолётни Тошкентга олиб келганмиз. Boeing-757 даги илк парвозни ҳам, синовни ҳам амалга оширганим учун президентга учувчилик қилиш ҳам менга юклатилган. Ўзбекистон президентига мўлжалланган, мамлакат байроғи туширилган самолёт экипажи мустақиллигимиз рамзи сифатида ўзимизнинг йигит-қизлар бўлиши керак, деган фикр ўзимда ҳам бор эди. Шунга яраша, ўзимга нисбатан талабни ҳам кучайтирганман. Бу ҳаракатларим шахсий манфаат учун бўлмаган, аксинча, ғурур, ватанпарварлик ҳисси устунлик қилган, масъулият ҳам катта эди. Бизнинг экипаж талаблари бошқа давлатларникига нисбатан кучли эди, ўзимиз ишлаб чиққан қоидалар кўп эди. Ислом Абдуғаниевичнинг ўзи ҳам жуда талаблан эди. Нафақат атрофидагилар, балки ўзига нисбатан ҳам талаби кучли эди.

— Ислом Каримов билан бирга биринчи марта қайси самолётда ва қаерга парвоз қилгансиз?

— Илк парвозимиз Boeing-757 самолётида 1997 йили Украина пойтахти Киевга бўлган. Ислом Абдуғаниевич авиацияга жуда қизиққани учун экипаж хонасига кириб, биз билан анча вақт суҳбатлашгани кечагидек эсимда. «Боинг»нинг аввалги самолётлардан фарқи, афзалликлари ва бошқа жиҳатлари ҳақида сўраган. Ҳар бир саволига батафсил жавоб берганман.

Президент билан бирга кечган илк парвозда, албатта, ҳаяжон бўлган — бу табиий ҳол, деб ўйлайман. Биринчи президентимиз салобатли инсон эди, неча йил бирга юрган бўлсам, менда ҳар доим ҳаяжон бўлган.

— Давлат раҳбари ўтирган самолётни бошқарган пайтингиз хаёлингиздан нималар кечарди?

— Ҳар бир учувчи ҳамиша парвоз хавфсиз ва бехавотир ўтишини ўйлайди, хаёлида фақат шу фикр бўлади. Давлат раҳбарининг самолётини бошқараётган учувчида билим, тажриба ва масъулият айниқса юқори бўлиши керак. Чунки парвоз вақтида турлича шароит ва вазиятлар юзага келиши мумкин, уларга тайёр туриш керак.

Баъзан умрингизда бир марта ва қайтиб содир бўлмайдиган ҳодисаларга ҳам гувоҳи бўласиз. Масалан, бир йили Ислом Каримовни Сингапурга олиб кетаётганимизда, Ҳинд океанидаги оролларнинг бирида кичик вулқон отилаётганига кўзим тушиб қолди. Бу ҳақда ортимда ўтирган «Ўзбекистон ҳаво йўллари» раҳбарига айтсам, у ўзи кўрмагунича бунга ишонмади. Шундан сўнг, президентга ҳам айтиб, манзарани кўрсатганмиз.

Кейин билсам, у оролда камдан-кам ҳолатда вулқон отиларкан. Биз эса шундай камёб ҳодисага гувоҳи бўлганмиз.

— Ислом Каримов хорижий давлатларга ва Ўзбекистон вилоятларига қандай самолётларда учарди?

— Ислом Абдуғаниевич мустақилликка эришганимиздан кейин ҳам бир неча йил давомида совет давридан қолган Ту-154, Ил-62 каби самолётларда парвоз қилган. 1997 йилдан бошлаб АҚШдан олиб келинган Boeing-757 самолётида олиб юрганман. 2000 йилларда Boeing-767 харид қилинган — уни ҳам ўзим бир ой давомида синовдан ўтказганман.

Марказий Осиё, МДҲ давлатлари ва Россияга Boeing-757 да, узоқ масофаларга эса Boeing-767 да училарди. Вилоятларга дастлаб 95 кишига мўлжалланган RJ85 самолётида учганмиз. Кейинроқ Airbus А320 самолёти сотиб олинган. Унда қўшни давлатларга ҳам борардик. А320 таъмирда бўлганида вилоятларга Boeing’да училарди. Масалан, Хоразм, Бухоро, водийга «Боинг»да учганмиз.

— 45 йиллик фаолиятингизнинг неча йили Ислом Каримов билан бирга ўтган? Қайси давлатларда бўлгансизлар?

— Салкам 17 йил давомида Ислом Каримовга учувчилик қилганман. Европанинг жуда кўп давлатларига борганмиз. Араб ва Африка мамлакатларида ҳам расмий ташриф билан бўлганмиз. Ислом Абдуғаниевич билан ўтган ҳар бир парвоз эсда қоларли эди. У киши худди оталардек ҳам ғамхўр, ҳам талабчан эди. Қийин шароитларда қўнсак, буни дарров сезарди ва олдимизга келиб, «Йигитлар, осон бўлмади-а?», дерди ва раҳмат айтарди. Давлат раҳбарининг миннатдорчилиги одамнинг юрагида қолади барибир.

— Ислом Каримов қандай инсон сифатида ёдингизда қолган?

— Ислом Каримов ҳақида фақат илиқ хотиралар билан ўртоқлашишим мумкин. Чунки у жуда талабчан, адолатли ва инсонпарвар эди. Неча йил ишлаган бўлсам, доим «сиз»лаб гапирарди, ҳурмат билан муомала қиларди. Ислом Абдуғаниевич каби инсонлар жуда кам, назаримда.

авиация, ислом каримов, эркин гулямов

— Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоев учувчилар тайёрлаш масаласида сиз билан мулоқот қилган экан. Шу ҳақда гапириб берсангиз.

— Биз 1994 йилдан учувчиларни Ўзбекистоннинг ўзимизда қайта тайёрлай бошладик. Яъни, маълум тажрибага эга, совет самолётларида учган учувчиларни шартлар асосида саралаб олиб, Ғарб мамлакатларида ишлаб чиқарилган самолётларини бошқаришга қайта тайёрлардик. Бунга ярим йилча вақт кетарди. Икки-уч ой Ўзбекистонда ўқитиларди, сўнг Ғарб давлатларига юбориларди. Қозоғистондаги эса учувчиларнинг бари чет элда тайёрланарди, ўқитувчи, мутахассислар ҳам хорижликлар эди.

Ислом Каримов Қозоғистоннинг ўша вақтдаги президенти Нурсултон Назарбоевга: «Менинг учувчи йигитларим ёш кадрларни ўзлари тайёрлайди, Франция, Германияга ҳам юборади», деб гапирган экан. Нурсултон Абишевич буни мендан икки марта сўраган. Президентимизнинг айтганларини тасдиқлаганимдан кейин 100 фоиз ишонган.

— Биринчи президент билан сўнгги бор қаерга парвоз қилгансиз?

— Учувчи сифатида 60 ёшгача ишладим. Сўнгги парвозимиз 2013 йил сентябрида Кирғизистонга бўлган. Ўшанда Бишкекда ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги саммити ўтказилган.

авиация, ислом каримов, эркин гулямов

— Бугунги фаолиятингиз ҳақида гапириб берсангиз?

— 45 йил учувчилик қилиб, самолётлар бошқардим. Нафақага чиққач, Транспорт университетига ишга таклиф қилишди. Бир неча йилдан бери шу ерда соҳам бўйича талабаларга маъруза ўқияпман. Бундан ташқари, Ўзбекистонда янги очилаётган авиакомпанияга ҳам таклиф этишди. Ҳозир асосий ишим ўша ерда бўляпти. Авиация соҳасини танлаганимдан сира афсусланмайман. Кўп жиянларим, қариндошларим шу соҳада ишлаб, сулоламизни давом эттиряпти.