24 январь куни Испаниянинг Ўзбекистондаги элчихонасида Hermitage Group сайёҳлик компанияси асосчиси ва бош директори Висенте Касейро билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Учрашув давомида Висенте Касейро туризм соҳасида ҳамкорлик қилиш истаги борлигини айтди. Хусусан, ўтган йил ноябрь ойида ташкилган этилган «Халқаро туризм ҳафталиги»да иштирок этгани ва ушбу тадбир доирасида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинганини қайд этди.

Шунингдек, Ўзбекистонда испаниялик рассом Пабло Пикассо қаламига мансуб ижод намуналари кўргазмасини жорий йил Ўзбекистоннинг Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ташкил этиш масаласи ҳам муҳокама қилинди.

Маълумот ўрнида, Hermitage Group компанияси туризм ва меҳмонхона бизнесидаги PR ва маркетинг йўналишида кўп йиллик тажрибага эга. Компаниянинг асосий вазифалари туризм маҳсулотларини, сайёҳлик йўналишлари, меҳмонхоналар, авиаташувчилар, вилоятлар, шаҳарлар ва сайёҳлик йўналишларини ишлаб чиқиш ва тарғиб қилишдан иборат.

Бугунги кунда компания ўз хизматларини Европа ва МДҲ мамлакатлари бозорларида тақдим этмоқда.