28 январь куни соат 22:33 да Озарбайжоннинг Azal авиакомпанияси самолёти Урганчга келиб қўнди, дея хабар бермоқда Uzbekistan Airports матбуот хизмати.

Боку-Урганч-Боку янги парвоз йўналишини очган, бортида 99 нафар йўловчиси бўлган Airbus А319 самолёти анъанага кўра кутиб олинди. Мунтазам рейслар ҳафтада бир марта — шанба кунлари амалга оширилиши режалаштирилган.

Урганч Озарбайжон авиаташувчиси парвоз қила бошлаган Ўзбекистондаги тўртинчи шаҳар бўлди. Бокудан Тошкентга рейслар ҳафтасига икки марта — пайшанба ва якшанба кунлари мунтазам равишда амалга оширилади. Бокудан Самарқандга — сешанба ва пайшанба кунлари, Бокудан Фарғонага эса пайшанба кунлари қатновлар йўлга қўйилган.

Маълумот ўрнида, 1992 йилда ташкил этилган Озарбайжон ҳаво йўллари (Azal) авиакомпанияси йирик авиаташувчи бўлиб, Boing ва Airbus самолётларининг замонавий паркига эга бўлган МДҲ мамлакатлари авиация ҳамжамиятидаги етакчилардан бири ҳисобланади.