Аёлнинг ўрни қаерда, деган саволга кўпчилик бирдан жавоб беролмаслиги ёки «Уйда, бола-чақа олдида, оилада!» дейиши мумкин. Албатта, аёл учун энг асосийси оила — бу аксиомадек гап. Лекин хотин-қизларнинг рўзғор, эр, фарзандлардан ташқари жамиятда ҳам вазифаси бор. Унинг сўзи, овози ва қадри бўлиши энг асосий масала.

Австралиянинг Гриффит университетида халқаро ҳуқуқ ва муносабатлар бўйича илмий тадқиқот олиб бораётган Наргиза Абдураҳмонова аёлнинг жамиятдаги роли, ўзбеклар орасида нега номдор олималар камлиги, таълимдаги муаммолар ҳақидаги мулоҳазаларини «Газета.uz»га сўзлаб берди.

Наргиза Абдураҳмонова 1997 йили Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университетининг тижорат ҳуқуқи йўналишини битирган. Москва давлат халқаро муносабатлар университетининг халқаро хусусий хуқуқ йўналиши магистратура босқичини тамомлаган. Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигида фаолият юритган. Ҳозирда Австралиянинг Гриффит университети докторанти. Халқаро ҳуқуқ ва муносабатлар бўйича мутахассис.

австралия, аёллар, докторант, наргиза абдураҳмонова

— Таниган-билганлар сизни ёш, ғайратли ва тиниб-тинчимас ҳуқуқшунос дейди. Лекин кўпчилик учун таржимаи ҳолингиз номаълум. Суҳбатни ўзингиздан бошласак.

— Тошкентда туғилганман. 171-мактабнинг рус синфини битиргач, Тошкентдаги Вестминстер лицейи, сўнг Халқаро Вестминстер университетининг тижорат ҳуқуқи йўналишини тамомладим.

Ўқишим тугаётган йили иш қидириб, илгариги Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига бордим. Ўшанда Сардор Умурзоқов энди вазир этиб тайинланганди. Суҳбатдан муваффақиятли ўтдим ва иш бошладим. Вазирликдаги фаолиятимга параллел равишда Москва давлат халқаро муносабатлар университетининг халқаро хусусий хуқуқ йўналиши магистратурасини ҳам ўқидим.

Лекин амалиётда юрган пайтларим докторантурада таҳсилни давом эттириш, илмий иш қилиш истаги тинч қўймасди. Негадир ўзимни кўпроқ фан доктори қиёфасида кўрардим. Излаб-излаб, Австралиянинг Квинсленд штатидаги Гриффит университетига ҳужжат топширдим. Уч йиллик тадқиқотимни «Эл-юрт умиди» жамғармаси молиялаштирмоқда. 2022 йили жамғарма танловида шу имтиёзни ютиб олгандим ва деярли ҳамма харажатим қоплаб бериляпти.

— Нега илмий иш учун айнан Австралияни танладингиз?

— Аввало, бу мамлакат талабага тадқиқот учун инновацион имкониятларни таклиф этади. Университетлари дунё етакчиларидан ва ўқитиш тизими ҳам бошқача. Ҳар бир ишга инновацион тарафдан ёндашилади.

Иккинчи сабаб — мукаммаллик. Бажараётган ишингизни энг юқори даражага олиб чиқишингиз шарт. Ўртамиёна ва юзаки тадқиқот ҳақида гап-сўз бўлиши мумкин эмас.

На таълимда, на бошқа соҳада коррупцияни сезасиз. Ўзим гувоҳман. Қонунлар қатъий, устувор — ҳамма тўлиқ риоя этади. Айни шу ҳам мени ўқиш ва илмий ишимдан чалғитмайди.

Тўртинчи омил — сифатли таълим. Сиз шунчаки ўқимайсиз, фикрлаб ўрганасиз. Шунга мажбур ҳам бўласиз. Бир мавзуни бошлагач, уни батафсил, чуқур ўқиш шарт. Қийин саволларга жавоб топиш, дастлабки ва асосий манбаларга қараш, нуқтаи назарни тўғри шакллантириш, фикрни асослаб бериш талаб этилади.

Бешинчидан, бу заминнинг экотизими ўта ноёб. Ер шарининг бошқа бўлагида учрамайдиган антиқа жониворлари бор. Aвстралия флора ва фаунасида 12 мингга яқин тур мавжуд. Кенгуру ва коаладан ташқари эму, кукабарра каби ажабтовур қушлар яшайди. Ҳозир Aвстралия табиатини қайта-қайта кашф этяпман.

Энг ҳайратланганим, австралияликлар атроф-муҳитга ҳаддан ташқари ғамхўр, эътиборли. Бу ерда дарахтлар шунчаки кесиб ташланмайди. Кимда ким табиатга зарар етказса, жуда катта миқдорда жарима тўлайди. Буларни кўриб, Ўзбекистондаги бор бойлигимиз — дарахту сўлим боғларимизни асраш ўрнига йўқотиб, топтаётганимизга ачинаман.

Aвстралия дунёдаги энг ривожланган давлатлар рўйхатида туради. Иш ҳақи, даромадлар нисбати ва кўчмас мулк нархлари, юқори даражадаги тиббий ёрдам, иқлим ва экология бўйича қулай мамлакатлардан бири.

— Мавзуингиз нима ҳақида? Илмий ишингизнинг аҳамияти, янгилиги-чи?

— Илмий ишим мавзусига келсак, Москвада ўқиётганимда Ўзбекистонга инвесторларни жалб этиш доираси кенгайган, ўзимиз ҳам фаол эдик. Ўшанда халқаро ҳуқуқ ва муносабатлар профессионали кераклигини сезгандим. Турли давлат фуқаролари, қайсидир давлатда яшайдиган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар, шунингдек, юридик шахслар ҳамда давлатлар ўртасидаги ижтимоий-иқтисодий муносабатлар халқаро хусусий ҳуқуқ нормалари ёрдамида тартибга солинади. Ўзимизда ҳам шу соҳани пухта ва чуқурроқ биладиган кадрлар кўпайса, хурсанд бўлардим.

австралия, аёллар, докторант, наргиза абдураҳмонова

— Қитъага мослашиш, шароитига кўникиш қийин кечмаганми?

— Йўқ, ундай бўлмади. Учиб келган кунимоқ одамларнинг очиқ феъллиги, дўстона муносабати, доим ёрдамга тайёрлигидан ҳайратланганман. Бу ерда асабий, тажанг кишини учратмайсиз.

Айтайлик, банкка кирдим ва ходимга тинмай савол бердим. Ҳечам асабийлашмайди, энса қотирмайди, бошқа юмушини баҳона қилмайди. Минг марта сўрасам, шунча марта тушунтириб беради. Кўчада ҳам бир-бирига «Салом, яхшимисан?» деб жилмайиб кетаверади. Бу уларнинг менталитети.

Австралияликлардан миннатдорман. Шу пайтгача дискриминацияга учрамадим. Балки шу сабаб ҳам тез мослашгандирман.

— Дискриминация деяпсиз. Ҳуқуқшунослар бунга алоҳида эътибор қаратади. Сиз ўзингиз докторантура босқичига етгунча қандайдир тўсиқ, сунъий чекловларга учраганмисиз?

— Йўқ, Австралияда ҳеч қандай чеклов ёки тўсиқ кўрмадим.

Ўзбекистонда кўп марталаб жинсим бўйича ошкора ва яширин дискриминацияга дуч келганман. Ҳатто бир мажлисга (ташкилотини айтмайман) борсам, келганларнинг 90 фоизи эркаклар экан. Ўшанда раҳбарлардан бири ҳамманинг олдида: «Аёл дегани ошхонада ўтирса бўлмасмикан? Ишхонада бало борми?» деганди. Биров миқ этмаган. Ҳамма жим ўтираверган.

Лекин мен аёллар ҳам лидер бўла олади, деб ўйлайман. Фақат улар камситиш, ноҳақликка кўпроқ дуч келади. Балки шунга аксари севимли иши, карьерасини ярим йўлда ташлаб кетар… Бу ерда оз-моз дискриминация сезсангиз ҳам қонун ҳимоячингиз бўлади.

— Илм одами билан илмий жараёнга оид муаммо-масалалар ҳақида гаплашиш мароқли. Чунки соҳани ташқаридагидан кўра кўпроқ сиз биласиз. Ўзбекистонда илмий доираларда хотин-қизлар сони камдек. Уларни илмга қизиқтириш ва улушини ошириш мақсадида ўтган йилдан Ўзбекистонда магистратура шартнома пули давлат бюджетидан қоплаб бериладиган бўлди. Сизнингча, хотин-қизларни илмга рағбатлантиришни қайси нуқтадан бошлаш керак ўзи?

— Аввало, қиз болага ёшлигидан: «Сен бировнинг мулкисан, эрга тегасан ва ўшанинг қарамоғида бўласан!» деган ғояни сингдириш нотўғри. Унда ҳам орзу-ҳавас бор. Ишонинг, ҳаммаям фақат эрга тегаман деб яшамайди. Йигитлар қатори қизлар ҳам ишлагиси, обрў орттиргиси, илм-фанда кашфиётлар қилгиси, ҳаётда ўрнини топиб, баланд марраларгача етгиси келади. Қизларга эрта ёшдан ўзига ишонч, энг олдин ўзини ҳурмат қилишни ўргатиш шарт.

Масалан, катта лавозимларда аёллар улуши юқори бўлган Австралия 2022 йили World Population Review рейтингида «Яшаш учун энг яхши давлатлар» орасида 5-ўринни эгаллади. Бу, назаримда, аёллар ҳам давлат бошқарувини маромида эплай олади, дегани. Шунинг учун қизларда илм ва карьерага хоҳиш бўлса, уни бўғиш керак эмас. «Жим ўтир, аёлнинг жойи уйда!» дейиш ўрнига, аксинча, унга стимул бериш, уни рағбатлантириш муҳимроқ.

— Илм-фан орқали жамиятга, халққа нафи етадиган ишларни амалда қўллаш учун нималарга кўпроқ эътибор қаратиш керак? Биз нимада оқсаяпмиз?

— Барини таълимдаги коррупцияни йўқотишдан бошлаш керак. Олий таълимда коррупция жуда-жуда ёмон. Истеъдодли йигит ва қизлар пули йўқлиги ёки порадан қочиб четда қолиб кетяпти.

Иккинчидан, педагог-ўқитувчига юқори талаб қўяйлик. Бундан олдин уларнинг шароитини яхшилаш, маошини ошириш мантиқли бўлади. Ҳужжатбозлик, босим барибир ортиқча. Агар шу занжирлар узилса, ўқитувчи ҳам сифатли натижа кўрсатишга ҳаракат қилади.

Таълимдаги реформа, менимча, шу нуқтадан бошланади. Асабий ўқитувчи невроз ва қўрқувдан бошқа ҳеч нима беролмайди ўқувчига.

— Нега ўзбек аёллари орасидан Мария Склодовская-Кюри, Рита Леви-Монталчини, Розалин Франклин, Катерина Жонсон, Ҳенриетта Левит, Чен Шинг Ву каби олималар чиқмайди? Хотин-қизларимизда илм қилишга салоҳият, билим, иштиёқ бору, имконият масаласи чатоқдек. Сиз нима деб ўйлайсиз?

— Тўғри, ҳалигача имконият етарли эмас. Қизларни ёшлигидан эрга тегишга тайёрлашади. Агар қиз эркин фикрласа, «Жим бўл! Ўзбекчиликка тўғри келмайди!» деб оғзини ёпишади. Табиийки, қиз қўрқади, фикр-хоҳишларини ташқарига чиқаролмай, ичига ютади-кетади. Ёки университетни тамомлаб, қайсидир ташкилотда иш бошласа, аксари дискриминацияга дуч келади. Агар аёлларга ишонилмаса, улардан олималар чиқишига умид қилманг.

— Халқаро илмий давраларни кўргансиз. Тажриба алмашишда ҳам кўпинча хориждаги мутахассисларга юзланасиз. Сизда таққослаш имкони кенгроқ. Охирги пайтлари Ўзбекистонда ҳам ҳаракат сезилмоқда, давлат томонидан маълум имтиёз-рағбат, маблағ билан таъминлаш кучаймоқда, лекин нега минг уринсак-да илмий бошқарув, тартиб-қоидаларда ҳамон оқсаймиз?

— Асосий муаммо — коррупцияда. Агар давлат ажратаётган грант маблағлар фақат ўзига тегишли соҳага йўналтирилса, назаримда, Австралия, Швейцария Финляндиядан аллақачон таълим сифати масаласида илгарилаб кетган бўлардик. Минг афсуски, таълим изига тушиб улгурмай, кимларнингдир манфаати учун исталган кўйига солинмоқда.

австралия, аёллар, докторант, наргиза абдураҳмонова

— Жанубий Кореяда илмий даража олган тилшунос олима билан суҳбатлашганимда, корейслар унга: «Уч йилда илм қилсангиз, сиз ё кўчирмачи, ё даҳосиз» дейишганини айтганди. Бизда эса 3 йилдан кейин танлаган мавзусини ёқлаш талаб этилади. Қай бир томонники тўғри — 3 йилни кам дейдиган корейсларникими ё шу муддатда даражасини олаётган бизникилар?

— Уч йилда жуда тор соҳада илмий даражани ёқлаш мумкин. Илмий супервайзерлар (раҳбарлар) бекорга бириктирилмайди. Улар тадқиқотчига тўғри йўл кўрсатади. Сабаби ўзлари ҳам бир пайтлар шу босқичдан ўтишган.

Масалан, Австралиядаги раҳбарларим кўп нарса ёзиб топширсам, 70 фоизини ўчириб, қисқартириб, мавзуингдан чиқиб кетма, деб тайинлашади. Кейин қилаётган ишингизнинг илмий янгилиги бўлиши шарт. Бунда тор доирадаги масалани тадқиқ қилмасангиз, илмий кашфиётдан кўнгилни узаверинг.

Даражага номзод ҳали ҳеч ким ўрганмаган муаммоли бирор масалани ёритиб, унга ечим топиб берса, менимча, уч йилда ҳам ишини ёқлай олади.

— Ўзбекистон илмий иш қилаётган айрим хотин-қизлар илмий раҳбарининг топшириғидан ташқари университет томонидан юкланадиган қўшимча ишлар — тадбирбозлик, ҳисоботлар ёзиш, талабаларни назорат қилиш, ижтимоий тармоқларда расм улашишга ўхшаш мажбуриятлардан нолийди. Ёзаётган иши кейинги ўринга суриларкан. Бу тўғри талабми?

— Бу нотўғри, албатта. Илм одамига биринчи галда тинчлик керак. Ўй-фикрларини жамлай олмаса, изланувчи (номзод) қандай қилиб кашфиёт қила олади?

Австралиядаги ҳар бир университетда «Code of Practice for the Supervision of HDR Candidates» (Тадқиқот номзодининг даража олиш учун амалиёт кодекси) мавжуд. Унда илмий тадқиқот олиб бораётган изланувчиларга умуман ортиқча мажбурият, вазифа юкламаслик ёзилган. Агар қоида бузилса, изланувчи университет маъмуриятини огоҳлантиришга ҳақли. Кўпинча бундай манзара қоидабузар ўқитувчининг ишдан бўшаши билан тугайди.

австралия, аёллар, докторант, наргиза абдураҳмонова

— Яна бир кўнгилни совитадиган ҳолат бор: аксаримиз даража олишни бош мақсад қиламизу, илмий иш янгилиги, унинг жамият, ҳаётга фойдасини кейинги ўринга қолдирамиз ёки амалий аҳамияти кам, аввал ёзилган ишларга ўхшаш мавзуларга қўл урамиз. Илмий тадқиқот қилишдан мақсад нима бўлиши керак?

— Мақсад жуда оддий ва ўта муҳим — янгилик киритиш. Агар рейтинги, нуфузи баланд, таълими зўр халқаро университетда илмий иш қилаётган бўлсангиз, «copy-paste»ни хаёлингизга ҳам келтирманг. Шу боис, илмий изланувчи иш бошлашга, айниқса, хорижда тадқиқот олиб боришга руҳан тайёр бўлмаса, яхшиси, бунга қўл урмасин. Бу шахсий фикрим, албатта.

— Илмий ишингизни ёқлаб, даражангизни олгач, юртга қайтасизми? Агар қайтсангиз, ўзингизни қаерда кўрасиз: таълим тизими ёки амалий жараёнда?

— «Эл-юрт умиди» жамғармаси ва ҳозирги Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги билан тузган шартномам бўйича Ўзбекистонда давлат корхонасида камида уч йил ишлайман. Иш давомида Австралияда орттирган тажрибамни қўлламоқчиман.

Очиғи, Австралияга келишдан аввал таълим ва амалиётни баравар олиб борганман. Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университетида банк ҳуқуқи, халқаро савдо ва тижорат ҳуқуқи буйича дарс берардим ва вазирликдаги ишимга ҳам улгурардим. Агар вақт ва хоҳиш бўлса, иккаласини ҳам қилиш мумкин.

— Илм қилмоқчию, лекин шароит, муҳит таъсирида чўчиб юрган, йўлини тополмаётган қизларга, ёш оналарга маслаҳатларингиз.

— Ҳозир четда ўқишга мўлжалланган грантлар жуда кўп. Ўзбекистонда ҳам талай. Масалан, ўзим грантини ютган «Эл-юрт умиди» жамғармаси бакалавр, магистратура ва докторантурада ўқимоқчи бўлган ёшларга берилади. Ариза топширганимда очиқ ва шаффоф мусобақа бўлганди. Билимингиз чуқур бўлса, ўзингизга ишонсангиз, ҳар қандай грантга қўрқмай топшираверинг.