26 январдан Фарғона-Қувасой-Қизил-қия халқаро йўналишида микроавтобус қатнови қайта тикланди, дея хабар бермоқда Транспорт вазирлиги матбуот хизмати.

2020 йилгача мавжуд бўлган мазкур қатнов пандемия даври чекловларида тўхтаб қолган эди. Қирғизистон томонидан Қизил-қия йўловчи ташиш компанияси, Ўзбекистон томонидан эса Daewoo Trans Servis МЧЖ хизмат кўрсатувчи йўналиш умумий масофаси 39,5 километрни ташкил этиб, йўлкира нархи 12 минг сўм этиб белгиланди.

«Фарғона ва Қирғизистоннинг Баткен вилоятидаги Қизил-қия шаҳри ўртасида амалга ошириладиган мазкур қатнов икки чегарадош вилоят ўртасидаги борди-келди учун муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади», — дейилади хабарда.

Микроавтобуслар Қизил-қия ва Фарғонадан тонгги соат 7:20 да ҳаракат бошлаши назарда тутилган. Келгусида аҳоли талаб ва эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда қатновларни кўпайтириш режалаштирилмоқда.