Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга давлат ташрифи арафасида 26 январь куни Бишкек шаҳрида икки давлат бизнес-форуми бўлиб ўтди, деб хабар қилди Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.

Унда икки мамлакат ҳукуматлари аъзолари, тегишли вазирлик, идоралар, тармоқ бирлашмалари, ҳудудий маъмуриятлар раҳбарлари, ишбилармон доираларининг 350 дан ортиқ вакиллари иштирок этди.

Таъкидланишича, икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 5 йилда 7 баробарга ошиб, 2022 йилда 1,2 миллиард долларни ташкил этди. Шу билан бирга, Ўзбекистон ва Қирғизистон иқтисодиётлари яқин келажакда 2 миллиард долларлик маррадан ошиш учун етарли салоҳиятга эга экани қайд этилди. Бунга, бошқа чоралар билан бир қаторда, цемент, кўмир, рангли металллар, қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик маҳсулотлари, кимёвий ўғитлар, маиший ва савдо ускуналари, фармацевтика маҳсулотлари ўзаро етказиб беришни кўпайтириш эвазига эришиш мумкинлиги кўрсатилди.

Саноат кооперациясини ривожлантириш масалалари икки томонлама ҳамкорликнинг устувор йўналиши сифатида белгилаб берилди. 2016 йилга нисбатан қўшма корхоналар сони 8 баробарга ошиб, 320 тага етди. Автомобиль ва тижорат техника воситаларини ишлаб чиқариш, қўшма тўқимачилик корхоналарини ишга тушириш, кимё маҳсулотлари ишлаб чиқариш, шунингдек, электр энергиясини ҳисобга олиш тизимини жорий этиш бўйича янги лойиҳаларни амалга оширишга келишилди.

Икки мамлакат иқтисодиётлари бир-бирини тўлдириши тамойили асосида темир, каолин, травертин, базальт конларини ўзлаштириш ва юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қаратилган йирик лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам ҳар икки иқтисодиётнинг рақобатдош устунликларидан фойдаланиш кўзда тутилган. Бунда интенсив боғлар ва замонавий иссиқхоналарни ривожлантириш, биргаликда картошка, маккажўхори ва гўшт етиштириш, қўшма чорвачилик комплексларини яратиш назарда тутилмоқда.

Форум давомида ҳудудлараро ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор берилди. Ўзбекистоннинг чегараолди вилоятлари ҳокимлари ва Қирғизистон ҳукуматининг чегараолди вилоятлардаги ваколатли вакиллари Кенгашининг ташкил этилиши, шунингдек, Андижон ва Ўш, Наманган ва Жалолобод, Фарғона ва Боткен вилоятлари ўртасида қардошлик муносабатлари ўрнатилгани туфайли кейинги 3 йил ичида бу ҳудудлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми икки баравар ошди. Ўзаро ишбилармонлик миссиялари, кўргазма ва форумлар ўтказиш, икки мамлакат ҳудудларининг туризм салоҳиятини рўёбга чиқариш бўйича ишлар давом эттирилади.

2022 йилнинг сентябрь ойида Самарқандда бўлиб ўтган ШҲТ саммитида «Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон» темирйўлини қуриш лойиҳасини амалга ошириш бўйича уч томонлама битим имзолангани таъкидланди. Мазкур стратегик лойиҳа рўёбга чиқарилишини фаоллаштириш транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналиши сифатида тилга олинди. Бу лойиҳа Марказий Осиё минтақасида анъанавий транзит йўналишларини диверсификация қилиш ва юк ташиш ҳажмларини ошириш имконини беради.

Тизимли ишларни йўлга қўйиш, икки давлат тадбиркорларининг доимий ҳамкорлиги учун шарт-шароит яратиш мақсадида махсус онлайн платформа ишлаб чиқилади. Унинг ёрдамида ишбилармон доиралар вакиллари савдо шартномаларини тузишлари, тайёр саноат кооперацияси лойиҳалари ва бизнес ҳамкорлар танлашлари мумкин бўлади.

Форум якунлари бўйича кимё, электротехника, автомобилсозлик, тўқимачилик саноати, қишлоқ хўжалиги, қурилиш материаллари, чарм маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва бошқа соҳаларда умумий қиймати 1,6 миллиард доллардан ортиқ бўлган муҳим келишувлар имзоланди.

Ҳужжатлар орасида:

  • икки давлат Қишлоқ хўжалиги вазирликлари ўртасида агросаноат комплекси соҳасидаги ҳамкорлик бўйича «йўл харитаси»;
  • Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятида тўқимачилик ишлаб чиқаришини ташкил этиш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги битим;
  • тери ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш соҳасида ҳамкорлик қилиш, шунингдек, Қирғизистоннинг Норин вилоятида картошка етиштириш бўйича қишлоқ хўжалиги кластерини ташкил этиш тўғрисидаги битим;
  • картошка етиштириш бўйича агрокластер ва чорвачилик комплексини яратиш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги битим;
  • 20 миллион долларлик «Қирғизистонда карбид ва калций ишлаб чиқариш мажмуасини қуриш» инвестиция лойиҳаси доирасида қўшма шериклик тўғрисидаги битим;
  • Қирғизистондан Ўзбекистонга 100 миллион долларлик маккажўхори донини етказиб бериш бўйича келишув;
  • Қирғизистонда электр энергиясини ҳисобга олиш ва қурилмаларни йиғишни ташкил этиш бўйича ўзаро англашув ва ҳамкорлик меморандуми;
  • базальт тошни қайта ишлаш заводини ишлаб чиқариш бўйича меморандум;
  • Ўзбекистон компаниялари маҳсулотларини Қирғизистонда сотиш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги битим;
  • Қирғизистондан Ўзбекистонга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш бўйича шартнома муҳим аҳамиятга эга.

Форумда 300,3 миллион долларлик инвестиция, 1,15 миллиард долларлик экспорт, 223 миллион долларлик импорт шартномалари имзоланди.