Крис Хипкинз Янги Зеландия бош вазири сифатида қасамёд қилди

Чоршанба куни парламент палатасида Крис Хипкинз Янги Зеландия бош вазири сифатида қасамёд қилди, собиқ бош вазир Жасинда Ардерн эса расман истеъфога чиқди.

дайжест, жаҳон янгиликлари

Кармел Сепулони бош вазир ўринбосари бўлди. Крис Хипкинз келаси ҳафта ўз кабинетини ўзгартириш ниятида. У энг юқори давлат лавозимини ички хавфсизлик ва разведка вазири лавозими билан бирлаштиради.

Жасинда Ардерн ўтган пайшанба куни истеъфога чиққанини эълон қилар экан, беш ярим йил давомида олий раҳбарлик лавозимида ишлаганидан сўнг, синчиклаб ўйлаб кўриб, яна бир йил ишлашни давом эттира олмаслиги ёки янги муддатга ўта олмаслигига қарор қилганини айтди.


NASA ва Пентагон Марсга учиш учун ядровий двигатель ишлаб чиқмоқда

NASA Пентагон билан космонавтларни Марсга юбориш учун ядровий ракета двигателини яратиш устида ишламоқда.

NASA маъмури Билл Нельсон сешанба куни АҚШ космик агентлиги 2027 йилда илғор ядровий термал ҳаракатланиш технологиясини ишлаб чиқиш ва намойиш қилиш учун Мудофаа илғор тадқиқот лойиҳалари агентлиги (DARPA) билан ҳамкорлик қилишини айтди.

«Ушбу янги технология ёрдамида астронавтлар чуқур фазога ҳар қачонгидан ҳам тезроқ саёҳат қила олади ва бу Марсга экипажли миссияларга тайёргарлик кўриш учун муҳим имкониятдир», — деди Нельсон ўз баёнотида.


Вашингтон штатидаги отишмада уч киши ҳалок бўлди

Сешанба куни эрталаб АҚШнинг Вашингтон штати Якима шаҳридаги дўконда содир бўлган отишмада уч киши ҳалок бўлди.

Маҳаллий полициянинг айтишича, отишма содир этган шахс қочиб кетган ва жиноят сабаблари номаълум.

CNN телеканали маълумотларига кўра, полиция 21 ёшли маҳаллий аҳоли вакилидан шубҳаланмоқда. Хабар қилинишича, у кўчада бир одамни отган, кейин эса озиқ-овқат дўконига қочиб кириб, у ерда икки харидорни ўлдирган.


Германия Украинага Leopard 2 танкларини юборади

Германия Украинага Leopard 2 асосий жанговар танкларини юборади ва уларни ҳамкор давлатлардан етказиб беришга рухсат беради.

дайжест, жаҳон янгиликлари

Мақсад — Украина учун Leopard 2 автомашиналаридан тезда иккита танк баталонини йиғиш. Биринчи қадам сифатида Германия танк компанияси учун Бундесвер захираларидан 14 та Leopard 2 А6 бирликларини беради.

Германия, шунингдек, украиналик экипажларни ўқитади, ўқ-дориларни етказиб беради ҳамда логистик ва техник хизмат кўрсатади.


Германияда пичоқ билан эркак поезд йўловчиларига ҳужум қилиб, етти кишини жароҳатлади

Чоршанба куни Германиянинг Киль шаҳридан Гамбургга кетаётган поездда етти киши пичоқлаб кетилди, дея хабар бермоқда Bild газетаси федерал полицияга таяниб.

Қайд этилишича, эркак бекатга етиб келишидан сал аввал йўловчиларга пичоқ билан ҳужум қилган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳужум қилганлардан бирини қўлга олишга муваффақ бўлди.

Полиция ва қутқарув хизматлари воқеа жойида, станция яқинида катта ҳудуд ўраб олинган.


Сомали хавфсизлик кучлари «ал-Шабоб»нинг 39 нафар жангарисини йўқ қилди

Сомали миллий армияси душанба куни мамлакатнинг марказий қисмидаги Ҳарардере шаҳри яқинида олиб борилган шиддатли жанглардан сўнг «Аш-Шабоб»нинг 39 нафар жангарисини йўқ қилди. Бу ҳақда пиёда қўшинлар қўмондони Мохамед Тахлил Бихи «Магадишо радиоси» давлат радиостанцияси эфирида маълум қилди.

Маҳаллий кучлар халқаро ҳамкорлар томонидан қўллаб-қувватланиб, жанг майдонидан қочиб кетаётган шаҳар автобусига ўт қўйган жангариларни йўқ қилди, деди Мохамед Тахлил Бихи.

«Кучларимиз бир неча жабҳада террорчиларга қарши урушда муваффақиятга эришмоқда», — деди у.


Россиянинг Владивосток шаҳридаги совуқ об-ҳаво юз йиллик рекордни янгиланди

Россиянинг Владивосток шаҳри 24 январь ҳолатига кўра рекорд даражадаги энг совуқ кун бўйича янги рекорд ўрнатди. Эрта тонгда ҳаво минус 27,6 даражагача совиб кетди, дея хабар беради Приморский гидрометеорология ва атроф-муҳит мониторинги бошқармаси (Примгидромет).

Примгидромет маълумотларига кўра, Владивостокда ушбу сана учун аввалги минимал ҳарорат роппа-роса 100 йил олдин, 1922 йилда қайд этилган ва минус 25,9 даражани ташкил этган.


Испанияда Украина элчихоналарига бомба жўнатишда гумон қилинган шахс қўлга олинди

Испания полицияси 2022 йилнинг ноябрь ва декабрь ойларида турли муассасаларга, жумладан, Украина ва АҚШнинг Испаниядаги элчихоналарига бомбалар келиб тушган воқеалар билан боғлиқ ҳолда мамлакат шимолида 74 ёшли испанияликнинг ҳибсга олинганини эълон қилди.

Маълум бўлишича, қўлга олинган шахс пенсияга чиққунга қадар давлат хизматчиси бўлиб ишлаган. ABC газетаси ўз манбаларига таяниб, гумонланувчи «Россияпараст қарашларга эга бўлган ёлғиз ва ғалати шахс» эканини ёзади.

Тергов маълумотларига кўра, эркак гўёки ёлғиз ҳаракат қилган.

Тергов шуни кўрсатадики, гумонланувчи 2022 йил ноябрида турли манзилларга примитив конструкцияли қўлбола бомбалар солинган олтита посилка юборган. Улардан бири портлаган.