Президент Шавкат Мирзиёев камбағалликни қисқартиришга бағишланган йиғилишда оилавий тадбиркорликни янада рағбатлантириш мақсадида молиявий кўмак кўлами кенгайтирилишини таъкидлади. Бу ҳақда унинг матбуот котиби хабар берди.

Унга кўра, 2023 йилда:

  • тадбиркорлар фаолиятини кенгайтириш учун кредит миқдори амалдаги 225 млн сўмдан 300 млн сўмгача оширилади;
  • деҳқон хўжаликларига гаровсиз кредит миқдори 50 млн сўмгача оширилади (амалда 33 млн сўм);
  • аввал оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида кредит олиб, яхши натижа кўрсатган тадбиркорлар ушбу дастурлар доирасида яна имтиёзли кредитлар олиши мумкин бўлади (ҳозир фақат бир марта олиш мумкин);
  • кредитларнинг бир қисмини пластик картага олишга рухсат берилади.

Шунингдек, 2023 йилда оилавий тадбиркорлик дастурига 12 трлн сўм берилади (2022 йилда — қарийб 10 трлн сўм). Президент имзолаган тегишли қарорга кўра, оилавий тадбиркорликка қўшимча 300 млн доллар ажратилади.

Йиғилишда илгари ажратилган кредитларнинг қайтарилиши масаласига тўхталиб ўтилди. Мутасаддиларга ушбу масалани қатъий назоратга олиш топширилди.

«Ҳокимлар бу маблағларни қайтаришни ўйламаса, оилавий тадбиркорлик қаердан бўлади? Ахир бу пуллар қайтса, яна туманнинг ўзига берилади-ку!» — деди президент.

Бундан ташқари, камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири бюджетдан ажратилган 1,5 трлн сўмни аввало энг оғир маҳаллаларда камбағалликни қисқартиришга йўналтириш бўйича дастур ишлаб чиқади. Бош вазир ўринбосари ва бандлик вазирлиги вилоят ҳокимликлари билан бирга жалб қилинган 135 млн долларлик кредит линияси бўйича оғир маҳаллалар кесимида тадбиркорлик лойиҳалари пакетини шакллантиради. Ушбу маҳаллаларда камида 50 минг аҳолини банд қилиш вазифаси қўйилди, дейилади хабарда.

Президент тадбиркорлик субъектларини кўпайтириш бўйича янги ёндашувларни жорий қилиш зарурлигини қайд этди. Масалан, ўтган йили Бухорода — 8 та, Наманган, Сурхондарё ва Сирдарёда — 2 тадан, Тошкент вилоятида — 1 та туманда янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилган. Уларнинг сони 2021 йилга нисбатан 30−40 фоизга камайган.

Энг оғир аҳвол Андижон, Термиз ва Когон шаҳарлари, Жалақудуқ, Марҳамат, Олот, Қоракўл, Шофиркон, Мингбулоқ ва Қибрай туманларида қайд этилди. Президент ушбу ҳудудлар ҳокимларининг бу борадаги фаолияти қониқарсизлигини кўрсатиб ўтди.

Мутасаддиларга вилоят ҳокимлари билан бирга икки ҳафта муддатда ушбу туманларга бориб, мавжуд шароитларни ўрганиш, уларнинг ҳар бири бўйича тадбиркорликни ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш топширилди.