23 январь куни Жидда шаҳрида биринчи Ислом санъати биенналеси очилди. У Дирия Биеннале фонди томонидан Саудия Арабистони Маданият вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилди. Иштирокчи давлатлар қаторида Мали, Миср, Тунис, Греция, Уммон, Қатар, Озарбайжон ва Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан кўргазма намуналари тақдим этилган.

Тадбирнинг диққат марказида ўтмиш, ҳозирги ва келажак ўртасидаги алоқа бўлди. Уни кузатишга уринишлар Ислом санъатида маънавиятни ўрганишга асос бўлди. Биенналенинг асосий мавзуси «Ауал Баит» бўлиб, арабча «Биринчи уй» деган маънони англатади. Бу атама Қуръонда зикр этилган ва мусулмонлар учун муқаддас жой — Маккадаги Каъбага нисбатан қўлланади.

Фото: Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси матбуот хизмати

«Ўзбекистон бой ва кўп қиррали тарихга эга бўлиб, унинг аксарияти Ислом анъаналари билан чамбарчас боғлиқ. Мамлакатимиз тақдим этган сараланган экспонатлар жаҳон ҳамжамиятини уларни ўрганишга қизиқтиришга қаратилган», — деди фонд ижрочи директори Гаяне Умерова.

Биенналеда Ўзбекистоннинг Ислом маданиятини халқаро жамоатчиликка кенг ёритиб берувчи қадимий ўлка турмуш тарзи ва газлама матолари жилосини ўзида мужассам этган 17 та ноёб музей ашёси тақдим этилган.

Кўргазма VIII асрга оид Катта Лангар Қуръони, X-XII асрларга тааллуқли Самарқанд ва Афросиёб сопол кўза ва косалари, машҳур муҳаддис ал-Бухорийнинг XVII асрга мансуб «ас-Саҳиҳ» китоби нусхаси, бухороча эркаклар тўнлари, пойабзаллар ҳамда бошқа буюмлардан иборат.

Фото: Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси матбуот хизмати

Кўргазмадан ташқари, фонд кенг кўламли оммавий дастур тайёрлади, унда мунозаралар, мусиқий чиқишлар, кулолчилик ва сўзана яратиш бўйича маҳорат дарслари ва сабоқлари, шунингдек, кинофильмлар намойиш этилди. Кўргазмага ташриф буюрувчилар анъанавий чолғу асбоблари жўрлигида «Ўлим минораси» (1924) овозсиз фильми ва «Ал-Бухорий» (1998) фильмини томоша қилиши мумкин.

Жиддадаги биринчи Ислом санъати биенналеси 23 апрелгача ташриф буюрувчиларни қабул қилади.