Ўзбекистонда пахта майдонларини насос билан суғориш учун кетган электр энергияси харажатларининг 50 фоизи қоплаб берилади. Бу ҳақда 23 январь куни президент пахта етиштиришни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича йиғилишда айтиб ўтди.

Келтирилишича, ҳозирда республикада 7 мингта фермер пахта майдонларини насослар орқали суғоришга мажбур бўляпти. Фючерс шартномалари тузишнинг охирги муддати белгиланмаган, шартномаларни рўйхатга олиш бўйича шаффоф тизим йўқ, дейилади хабарда.

Йиғилишда соҳадаги шу каби муаммолар муҳокама қилиниб, зарур чоралар белгиланди. Хусусан, ўтган йили ички бозорда минерал ўғит нархи ўртача 50 фоизга ошиб, танқислик юзага келганни учун, уларга божхона имтиёзларини яна 3 йилга узайтириш таклифи берилди.

Бундан ташқари, ҚҚСни ўз вақтида тўламаганлик учун фермер хўжаликларига ҳисобланган пенялар, истисно тариқасида, ҳисобдан чиқарилади.

президент

Қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов. Фото: Президент матбуот хизмати

Фючерс шартномаларини солиқ органларининг электрон ахборот тизимида рўйхатдан ўтказилади ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг «Агроплатформа» ахборот тизимига интеграция қилинади. Шунингдек, энди Нью-Йорк биржасининг ўртача ойлик фючерс котировкалари таҳлили Қишлоқ хўжалиги вазирлиги веб-сайтида эълон қилиб борилади.

Пахтачилик йўналишидаги илмий институтларни ишга солиб, чет элларда қўлланилаётган унумдор ва кам сув талаб қилувчи навларни маҳаллийлаштириш зарурлиги айтилди. Йиғилишда қишлоқ хўжалигидаги жорий йилги вазифаларга ҳам тўхталиб ўтилди.

Унга кўра, 400 млн долларлик 600 та лойиҳа ишга туширилади, қўшимча 185 минг тонна сақлаш ва қайта ишлаш қувватлари ҳамда 33 та туманда агрохизмат марказлари ташкил этилади. Ипакчилик саноатида 3 трлн сўмликдан зиёд маҳсулот тайёрланиб, қарийб 110 млн долларлик экспорт қилинмоқда.

«Лекин бу тармоқда салоҳият янада катта. Шу боис Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитасига бу йил 26 минг тонна пилла, 1,3 млн дона қоракўл териси ва 40 минг тонна жун ишлаб чиқариш вазифаси қўйилди», — дейилади хабарда.

президент

Шунингдек, 300 минг гектар ерда сув тежовчи технологиялар ўрнатиш, 200 минг гектар ерни лазерли текислаш режалаштирилган. 100 минг гектар экин ерларини тақсимлаб, 2 млндан зиёд аҳолининг бандлигини таъминлаш ҳам муҳим вазифалардан. Бу асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари етарли бўлиб, бозорларда нарх-наво барқарор бўлишида ҳам аҳамиятга эга.

Шунингдек, Ўзбекистонда озиқ-овқат саноатида олий ва ўрта бўғин мутахассисларига эҳтиёж катталиги сабаб, хорижий давлатлар тажрибаси асосида бу соҳада янги институт ташкил этиш таклифи маъқулланди.