Ўтмишда ҳукмдор аёллар кўп ўтган. Гарчи аксари ақлдан аввал кўнгил, ҳисларига қулоқ тутган бўлса-да, давлат ишида совуққонлик, қатъият ва заковатини кўрсата билган. Ҳатто айримлари қалтис вазиятларда фаросат билан элни тинчитгани, юртни душмандан қутқаргани ҳақида эшитганмиз.

Бугун дунёдаги энг бой давлатлардан бири — Сингапурни бошқараётган Ҳалима Яқуб ҳам замонавий тарих китобига номи ёзилган арбоблардан. Ишчилар ва хотин-қизлар ҳимоячиси бўлиб ўртага чиққан, 2023 йил 17 январь куни Ўзбекистон давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевни қабул қилган хонимнинг президентликкача босиб ўтган йўли, таржимаи ҳоли бировникига ўхшамайди — ўзига хос.

сингапур, ҳалима яқуб, аёл лойиҳаси

Фото: Facebook / Halimah Yacob

Икки миллат фарзанди

Сингапурнинг саккизинчи президенти ва илк аёл раҳбари Ҳалима Яқуб расман тўрт тил — инглиз, хитой, малай ва тамил тилларида сўзлашувчи, маданияти турфа, қарашлари, эътиқоди, урф-анъаналари бири иккинчисиникига ўхшамас, 60 дан ортиқ оролдан иборат мамлакатга 2017 йилдан бери етакчилик қилади.

Президентнинг ўзи ҳам икки миллат фарзанди — отаси ҳинд мусулмони, онаси малайя. Рўзғорни амал-тақал тебратиб турган оила боши кунларнинг бирида қоровулчиликдан қайтиб келадию, анчадан бери оғриётган юрагини чангаллаб жон беради. Хотини эса беш болани едириб-ичириш, ўстириш, эл қаторига қўшиш ташвиши олдида ёлғиз қолади. Оиланинг кенжаси Ҳалима онаси билан Сингапур политехника мактаби атрофида аравача судраб, кўча таомлари, тез тайёрланадиган егулик сотишаркан, онасининг машаққатларга ҳечам таслим бўлмаганини кўп таъкидлайди:

«8 ёшимда отамдан айрилдим. 10 ёшимдан нон пули топиш учун онамга ёрдамчи бўлдим. Қашшоқ, бир бурда нонга зор кунларни кўрган бўлсам-да, Худога шукр, уйдагиларнинг далдаси, ўқитувчиларим, яхши инсонларнинг кўмаги билан ўзига яраша билим олдим. Яхши ўқиб-ўрганганим сиёсий майдонга кириш ва ўзимдек камбағал, ночорларга ёрдам берувчи ташкилотни очишга йўл берди».

Халқ адвокати

У 1978 йили Сингапур Миллий университетининг ҳуқуқшунослик факультетини тамомлаган, 2001 йили эса магистрлик даражасини ҳам олади. 2016 йили эса университет кенгаши уни «Фахрий ҳуқуқ доктори» унвонига лойиқ кўради.

Университетни битиргач, Миллий касаба уюшмаси конгрессида ҳуқуқшунос бўлиб иш фаолиятини бошлаган Ҳалимахоним 1992 йили айни шу ташкилотнинг ҳуқуқий хизмат бўлимини бошқаришга ўтади. Орадан 7 йил ўтгач, Сингапур Меҳнат тадқиқоти институти директори лавозимига тайинланади.

ХХ аср адоғига етиб, янги 100 йиллик бошланаркан, бўлғуси президентнинг ҳам сиёсий фаолиятида янги саҳифалар очила бошлайди. Қадамлар дадиллашиб, 2001 йили Халқ ҳаракати партияси етакчисига ва айни шу партиядан парламент аъзолигига ўтади. Ишчилар манфаати ва ҳуқуқи ҳимоячиси 2000−2002 ҳамда 2005-йиллари Женевада Халқаро меҳнат ташкилотининг меҳнат стандартларини қўллаб-қувватлаш қўмитаси директори ўринбосари бўлиб ишлайди.

2011 йили эса Сингапур Жамиятни ривожлантириш, ёшлар ва спорт масалалари вазирлигида, келаси йили — давлат ташкилотлари ихчамлаштирилгач — жамиятни ривожлантириш ва оила масалалари вазири бўлиб фаолиятини давом эттиради. Орадан икки йилча вақт ўтгач, Ҳалима Яқуб Сингапур парламенти спикери этиб сайланган мамлакат тарихида илк аёлга айланади.

сингапур, ҳалима яқуб, аёл лойиҳаси
Фото: Huffpost

Сингапурда унинг қатъий ирода эгаси, юмшоқ феъл, бироқ ўта жиддий раҳбар экани кўпчиликка маълум. Ниманидир ўйласа, амалга оширмагунча тинчимаслигини ҳам яхши билишади. Сиёсат майдонида сўзи, ўрнини топгач, Ҳалимахоним кексалар, малакаси ўртамиёна ишчиларни зарур соҳаларга тайёрлашдан тортиб, қария ва руҳий хасталарга ғамхўрлик қилишгача бўлган ижтимоий масалаларни ўринли ҳал этолгани учун обрўси ошиб бораверди.

«Аёл ҳар тарафдан мустақил бўлиши шарт!»

Яқубни феномен деб аташади. Меҳнат муаммолари ичида юргани учун она ва аёл сифатида мамлакатдаги ишчи хотин-қизларнинг ҳуқуқини фаол ҳимоя этади, уларга эркаклар билан баравар, тенг шароитда ишлашга йўл топиб беради.

«Умрим бўйи фақат ишлаб билдимки, аёл зоти мустақил бўлиши шарт. Бунга онам яққол мисол. Отам ўлганида, ҳеч вақоимиз йўқ эди. Ҳаммасини энг қуйидан бошладик. Онам менга улкан сабоқни — аёлнинг ўз даромад манбаи бўлиши ва ўшандан маълум миқдорини жамғариб, қариганида фақат ўзи учун ишлатиши кераклигини ўргатди», дейди у.

Ҳалима Яқуб 2017 йили президент сайловида номзод сифатида иштирок этиш учун парламент раиси лавозимидан кетади. Ушбу сайловларнинг ўзига хос жиҳати шундаки, Сингапурда миллий озчилик ҳисобланадиган «малайя ирқи»га мансуб аҳоли 1970 йилдан бери президент лавозимини эгалламагани боис, мамлакат Конституциясига киритилган ўзгартишларга мувофиқ, фақат 2017 йилги сайловларда номзод малайялардан бўлиши керак эди.

Номзоднинг малайя бўлиши — 2017 йили сайланадиган президентликка номзод учун қўйилган талаблардан фақат биттаси эди. Бундан ташқари, номзод ё давлат хизматида ишлаш тажрибасига эга бўлиши, ёки бозор қиймати 500 млн Сингапур доллари (тахминан 371 млн АҚШ доллари)дан кўп бўлган компанияга раҳбарлик қилган бўлиши керак эди. Сайловда номзод сифатида қатнашаётган қолган тўрт номзод бу икки талабнинг бирортасига мос тушмасди.

Шу боис, умумхалқ сайлови 23 сентябрь куни ўтказилиши керак бўлса-да, Сайлов комиссияси 11 сентябрь куни ягона номзод — Ҳалима Яқубни рўйхатга олганини, 13 сентябрь куни эса номзодларни рўйхатга олиш якунланганини ва, бошқа номзодлар йўқлиги боис, Ҳалима Яқуб умумхалқ сайловисиз президентга айланганини эълон қилган. Эртасига у Сингапурнинг 8-президенти сифатида ишга киришади.

«Бошқалар қилолмайдиган ишни биз бажарамиз»

Мамлакат раҳбарига айлангач, Ҳалима Яқуб ўзидан аввалги ҳамкасбларининг ишини муносиб давом эттиришга киришади. 2020 йили парламентга мурожаат қиларкан:

«Омон қолиш ва янаям равнақ топиш учун бошқалардан ажралиб туришимиз шарт. Ўзгаришларга жавобан бошқалардан кўра чидамли, ҳозиржавоб бўлишимиз муҳим. Бошқалар қила олмайдиган ишларни бажаришимиз ёки қила олса ҳам улардан ажралиб турадиганини дўндиришимиз шарт», — дейди.

Мурожаатномасида қуйидагиларни асосий маслаги сифатида кўрсатади:

  • Иш билан таъминлаш келгуси йиллари ҳам аҳамиятини йўқотмайди;
  • Ҳаво йўлларимизни янаям хавфсиз қиламиз. Сингапур глобал ва маҳаллий йўлларда намуна бўлиши шарт;
  • Шаҳарни режалаштириш ва инфраструктурани яхшилашда давлат барқарор ўсишни таъминлайди;
  • Кучли ва ягона жамият қуришда ҳукумат ҳар бир сингапурликни ҳаётнинг ҳар босқичида қўллаб-қувватлайди.

Охирги беш йили ичида Сингапур бизнес қилиш учун Осиёдаги энг қулай, хавфсиз ва ишончли, жаҳонда эса бешинчи рақобатбардош иқтисодиётга эга мамлакатга айланди. 2021 йили Smart City Index рейтингида «Энг ақлли глобал шаҳар» мақомини олди. Шуни эътиборга олиш керакки, бу ютуқларнинг бари табиий ресурслари чекланган бир шароитда қўлга киритилган: фуқаролар эҳтиёжи учун барча зарур ресурслар қўшнилардан сотиб олинади. Ҳатто Каланг дарёси соҳилларида ташрифчилар бамайлихотир дам олиши учун қумлоқ тупроғи ҳар йили Индонезиядан келтирилади.

43 йилдан бери бирга

Талабалик йиллари бўлғуси физик олимга кўнгил берган Ҳалима 1980 йили Муҳаммад Абдуллоҳ Алҳабши билан турмуш қуради. Беш фарзандни улғайтирган эр-хотин ижара уйларда сарсон кезиб, биринчи шахсий бошпанани тўйдан беш йил ўтибгина сотиб олишга имкон етганини неваралари бугун эртакдек тинглайди.

Президент хоним ҳар куни саҳарлаб тургач, 45 дақиқача бадантарбия машқларини мунтазам бажаради. Жисмоний ва руҳий фаоллик ўта муҳимлигини яхши биладиган хоним бошқаларга ҳам кўмак бериш ниятида Club Heal жамиятига асос солган. Бу марказда жамиятга қўшила олмайдиган, руҳан эзилган, қийналганларга турли тадбир, махсус дарс, ижтимоий лойиҳа, машғулот ва маслаҳатлар орқали муаммосига чора изланади.

Фото: IDNTimesФото: IDNTimes

«Эсласа арзигулик хотираларим шунчалик кўпки, вақти етиб болаларим ўшалар орқали мени эслашади. Бу энг аъло туҳфа. Бу оламни худди онамдек тарк этишга — алоҳида муҳаббат ва ғамхўрлик қучоғида яшаб ўтишга умид қиламан», — дейди президент хоним.