Бир йилда нечта китоб ўқийсиз? Кунингизнинг қанча қисмини мутолаага сарфлайсиз? Хоҳлаганингиздан кўра кам, тўғрими? Иш-ташвишнинг тугамаслиги ёки шунчаки ҳафсала, хоҳиш йўқлиги баҳона бунга. «Газета.uz» китобхонликни тарғиб этиш, ўқувчини кўп ва хўб ўқишга ундаш ниятида «Нима ўқиймиз?» саволи билан олим, тадқиқотчи, жамоат фаоли, ёзувчи-шоир, таржимон ва бошқаларга юзланади, уларнинг йил давомида ўқиган ё ўқилиши шарт деб санаган китоблари тавсиясини сизга етказади. Мақсад жуда оддий — китобхон бўлайлик!

«Нима ўқиймиз?» лойиҳасининг навбатдаги меҳмони — «Маърифат» газетаси бош муҳаррири, журналист ва шоир Ҳусан Нишонов.

Яқин орада ўқилган китоблардан тавсиялар

Биринчи ўқиган китобимни яхши эслайман. 2-синф эдим. «Қичан» деган қисса. Муаллифи эсимда қолмаган. Қирғиз ёзувчиси эди. Хуллас, мактабни битиргунча илинган нарсани ўқиганман.

Вақт келди — танлаб ўқийдиган бўлдим. Ўрисча ҳам ўқийдиган бўлдим. Ҳозир эса вақт етмайди. Бошлаб, охирига етмаган китоблар ҳам бармоқларимдан кўпайиб қолди. Тортмаса, тўхтатаман, тамом. Оламшумул ғоялар кўтарилган бўлса ҳам, тилида қусурлар учраса, бўлди — ўқиёлмай қоламан.

Бу балки касбим (муҳаррир) билан боғлиқ инжиқликдир. Балки нотўғри қилаётгандирман, билмадим. Шунинг учун, олдинроқ бўлса ҳам, ўқилган китоблар ҳақида гапирмоқчиман.

Аҳмад Аъзам. «Ҳали ҳаёт бор». «Ўзбекистон» нашриёти. 2011 йил. 320 саҳифа

китоблар, мутолаа, нима ўқиймиз, ҳусан нишонов

Қўлингизни икки ёнга кўтариб, яъни «қанотингизни ёзиб», қанча вақт тура оласиз? 2 ё 5 минут? Борингки, 10 минут? Қийин дейсизми? Ҳа, ўлманг!

Бир кун куни билан бошингизни бир томонга буриб юра оласизми? Ёки уйингизда тиззалаб юриб кўринг-чи фақат. Бир кун. Калланг ишлайдими, деяпсизми? Ҳа, ўлманг!

Келтирганим мисолларда инсон тана аъзоларининг табиий ҳаракати жараёнлари бузиляпти. Маром бузилгандан кейин табиий равишда танамиз бунга қаршилик кўрсатади: оғрийди, кўкаради, увушади ва ҳоказо. Натижада ўз ҳолига қўйишга мажбур бўласиз.

Энди бундай нотабиий жараённи жамиятга кўчириб кўринг-чи. Аҳмад Аъзамнинг «Қатағон йили» ҳикояси шу ҳақда. «Тиқин» ҳикоясида эса ўзбек характери жуда чиройли кўрсатилган.

Шукур Холмирзаев, Мурод Муҳаммад Дўст, Хуршид Дўстмуҳаммад, Эркин Аъзам, Назар Эшонқул қатори Аҳмад Аъзамнинг ҳам ўзбекнинг қусурга айланган фазилатлари ва фазилатга айланган қусурлари кўрсатиб берилган ҳикоялари бор.

Акром Малик. «Алишер Навоий ‘Ҳайрат ул-аброр', матн, насрий баён, шарҳ, луғат» (1-китоб 472 саҳифа. 2-китоб 520 саҳифа. 3-китоб 592 саҳифа). «Тамаддун» нашриёти. 2021 йил

китоблар, мутолаа, нима ўқиймиз, ҳусан нишонов

Бизда «Бобур энциклопедияси» бор, «Навоий энциклопедияси» йўқ. «Амир Темур энциклопедияси» ҳам. Бобур ҳақида асарлар ёзилган, Шайбонийхон ҳақида йўқ.

Хўп, буларни қўятурайлик. Ҳозир нега Навоийни мутахассислардан бошқа деярли ҳеч ким ўқимайди? Чунки Навоийни тушуниш қийин. Тили-ку майли, луғат ёрдамида ўқиса бўлади. Бироқ Навоий асарларидаги ғояларни илғаш, моҳиятига етиш учун ўқирман Ислом динидан яхши хабардор бўлиши керак. Тасаввуф ҳақида тасаввури бўлиши керак. Энг олдин шориҳ бу талабларга жавоб бериши керак.

Акром Маликнинг «Ҳайрат ул-аброр»га шарҳлари, менингча, шу жиҳати билан олдинги шарҳлардан устун.

Хайриддин Султон. «Навоий-30». «Машҳур-пресс» нашриёти. 2021 йил. 512 саҳифа

китоблар, мутолаа, нима ўқиймиз, ҳусан нишонов

Бизда мемуар жанридаги китоблар кам. Ёзувчининг ўзи «Навоий-30»ни гарчи «жанри йўқ китоб» деб таърифлаган бўлса-да, ундан ўрин олган ҳикоялар ўтган аср 60−80-йиллари Ўзбекистон маданий ҳаёти ҳақида муайян тасаввур берадиган мемуар дейиш мумкин.

Жаҳонгир Муҳаммад, Исмат Хушевнинг яқин давр тарихи ҳақидаги асарларини ўқидик. Мурод Муҳаммад Дўст, Хайриддин Султон, Карим Баҳриев каби ижодкор ва жамоат арбобларининг, дейлик, Зокиржон Алматов, Салим Абдувалиев каби Ўзбекистон тарихида из қолдирган шахсларнинг, сиёсатчиларнинг мемуарлари чиқса, ўқувчи яқин тарихимиз, Мустақиллик даври тарихи ҳақида турли нуқтаи назарларга гувоҳ бўлар эди.

Бобораҳмат Муҳаммадиев. «Рўзи мерган». «Head book» нашриёти. 2018 йил. 224 саҳифа

китоблар, мутолаа, нима ўқиймиз, ҳусан нишонов

XX аср бошидаги миллий озодлик ҳаракати ҳақида тадқиқотлар бор, бадиий асарлар ёзилган. Аввалига «босмачи» деган тамға босилган ота-боболаримиз аслида Эрк учун, Мустақиллик учун курашган қаҳрамонларимиз эканлиги бадиий асарларда ҳам кўпроқ акс эта бошлади. Лекин кўпчилик ижодкорлар бир ҳақиқатга кўз юмишмоқда: улар орасида талотўп вазиятдан фойдаланиб, ҳақиқий босмачилик, талончилик қилганлари ҳам бўлган.

Ўқитувчи ижодкор Бобораҳмат Муҳаммадиевнинг «Рўзи мерган»и ўз қишлоғи, теварак-атрофдаги қишлоқларни ҳам ўрис босқинчиларидан, ҳам ўзимизнинг босмачилардан ҳимоя қилган ҳақиқий Ватан ҳимоячиси бўлган.

Ёшларга тавсиялар:

Баъзи китоблар мажбуран ўқилади. Баъзиларини қидириб топиб ўқийсан. Баъзилари эса қайта-қайта ўқилади. Тавсия қилаётганларим излаб топиб, доимий ўқиладиган асарлар.

  • Навоий асарларини луғат ва шарҳлар ёрдамида доимий ўқиб боринг;
  • Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф китоблари (диний билимларини ошириш учун);
  • Заҳириддин Муҳаммад Бобур. «Бобурнома»;
  • Алихонтўра Соғуний. «Туркистон қайғуси»;
  • Аҳмад Заки Валидий, «Хотиралар» — бу уч китоб Инсон қудрати ва ожизликларини рўй-рост очиб берадиган асарлардир;
  • Шукур Холмирзаев, Аҳмад Аъзам, Назар Эшонқул ҳикоялари;
  • Мурод Муҳаммад Дўст роман, қисса ва ҳикоялари;
  • Тоғай Мурод қиссалари;
  • Эркин Аъзам. «Анойининг жайдари олмаси» ҳикояси;
  • Рауф Парфи, Абдували Қутбиддин, Эшқобил Шукур, Шодмонқул Салом шеърлари.