Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда ҳудудий газ таъминоти бўлими ҳодимлари Жиззах, Тошкент вилояти ва Бухоро вилоятларида газ тармоғига ноқонуний уланган тадбиркорларни аниқлади. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиши департаменти матбуот хзимати хабар қилди.

Хусусан, Жиззахда фуқаро паррандачилик биносини ҳеч қандай шартнома ва бошқа рухсат берувчи ҳужжатларсиз ўзбошимчалик билан юқори босимли газ тармоғига улаб олган. Бунда 376,9 минг куб метр табиий газдан ноқонуний фойдаланиб, давлат ва жамият манфаатларига 248,8 млн сўм зарар етказган.

Тошкент вилоятининг Тошкент туманида кузатилган ҳолатда эса фуқаро рақамсиз уйда жойлашган иссиқхонани ўзбошимчалик билан газ тармоғига улаб, 154,9 минг куб метр табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келган. Бунинг оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 154,9 млн сўм зарар келтирган.

Бухорожа эса тадбиркор корхонага қарашли иссиқхонанинг газ тармоғи назорат тамғасини бузиб, 141,6 минг куб метр табиий газни ноқонуний ишлатган. Бунда унинг давлат ва жамият манфаатларига 141,6 млн сўм зарар етказгани аниқланди.

Ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) ва 185−2-моддаси (Электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.