Аномал совуқ даврида Сурхондарё вилоятида аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш мақсадида Тожикистондан қўшимча электр энергияси етказиб бериш йўлга қўйилди, дея хабар бермоқда «Ҳудудий электр тармоқлари» Сурхондарё ҳудудий филиали матбуот хизмати.

18 январ куни Шўрчи, Олтинсой, Қумқўрғон, Жарқўрғон туманларининг 70 фоиз, Бандихон, Қизириқ, Шеробод туманларининг 90 фоиз ва Бойсун туманидаги электр энергия истеъмолчилари Сариосиё, Узун, Денов туманлари қатори Тожикистоннинг «Регар-500» подстанциясидан чиқувчи 220 кВли Л-Регар-Зарчоп ва Л-Регар-Шеробод электр узатиш тармоқлари орқали кучланиш билан таъминланди.

Вилоятнинг Термиз, Жарқўрғон туманларининг 30 фоизи, Музработ, Ангор, Шеробод туманларининг 10 фоизи ҳамда Термиз шаҳрининг электр энергия истеъмолчилари 196 МВт юклама билан Ўзбекистон орқали кучланиш билан таъминланмоқда.

Тожикистоннинг «Регар-500» подстанциясидан чиқувчи 220 кВли Л-Регар-Зарчоп ва Л-Регар-Шеробод электр узатиш тармоқларининг ҳар биридаги симнинг юкламани кўтариш қобилияти 250 МВтга мўлжалланган.

«Л-Регар-Зарчоп ва Л-Регар-Шеробод электр узатиш тармоқларининг бирортаси фавқулотда ўчиб қолиш ҳолатлари юз берган вақтларда энергосистемани сақлаб қолиш мақсадида Шўрчи, Олтинсой, Қумқўрғон, Жарқўрғон, Бандихон, Қизириқ, Шеробод, Бойсун, Сариосиё, Узун, Денов туманлари бўйича Жанубий минтақавий диспетчерлик бошқармаси диспетчерларининг топшириғи ва Сурхондарё ҳудудий диспетчерлик бўлими диспетчерининг фармойиши билан туманларнинг ўзидан тасдиқланган чеклаш графигига асосан 6−10 кВли фидерлардан соатига 70−80 МВт дан чеклаш олиб бориш тақазо этилади», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Тожикистон 2018 йил апрель ойида Ўзбекистонга электр энергияни етказиб беришни бошланганди.