Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ижтимоий тармоқларда тарқалган, Мингбулоқ тумани ҳокими ҳайдовчиси бошқарув вақтида қўл телефонидан фойдалангани акс этган сурат юзасидан муносабат билдирди.

Ҳолат Наманган вилояти ЙҲХБ ходимлари томонидан ўрганилди. 50 212 NAA давлат рақам белгили Trailblazer ҳайдовчисига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128−1 моддаси (Транспорт воситасини бошқариш вақтида ҳайдовчиларнинг телефондан фойдаланиши) 1-қисми тартибида баённома расмийлаштирилди. Ҳайдовчи жаримани тўлади.

«Ушбу автомобиль 2020 йил 11 декабрь куни Art soft holding МЧЖ номига расмийлаштирилиб, белгиланган тартибда руйхатдан ўтказилганини ва ҳозирда амалдалигини маълум қиламиз», — дейилади хабарда.

Маълумот учун, юқорида кўрсатилган моддада телефондан қулоқчинлар орқали ва қўлларни ишлатмасдан туриб сўзлашувлар олиб бориш имкониятини берадиган бошқа ускуналар орқали фойдаланиш жаримага асос бўлмаслиги келтирилган. Қоидабузарлик учун эса базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари (БҲМ айни вақтда 300 минг сўмни ташкил этади) миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.