2022 йилнинг 19 декабрь куни Ўзбекистон Республика перинатал маркази қошидаги Неонатал хирургия ўқув-даволаш-методик маркази шифокорлари Қирғизистондан келган онанинг сиам эгизак фарзандларини жарроҳлик йўли билан ажратиб олди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги берган хабарга кўра, бу илк бор тўлиқ ўзбек шифокорлари ўтказган ўта мураккаб амалиёт бўлди.

Сиам эгизаклари ўтган йилнинг 31 майида Қирғизистон давлатининг Ўш шаҳрида туғилган. Ҳомиланинг 29-ҳафтасида Фотима ва Зуҳра «кесарча» усулида, умумий 1 600 грамм вазнда туғилган. Уларнинг танасининг қорин қисми, аниқроғи, жигари билан бирлашган. Улар яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ, яъни опа-сингилларнинг фарзандларидан дунёга келган.

Келтирилишича, туғуруқдан 10 кун ўтгач, ота-онага болаларнинг яшаб қолиш имкони умуман йўқлиги айтиб, уйига рухсат беришган. Ота-она орадан бир ой ўтгач, Ўзбекистондаги перинатал маркази қошидаги неонатал хирургия маркази раҳбари Бахтиёр Эргашевга телефон орқали мурожаат қилган. Тиббий текширувлардан сўнг, 19 декабрь куни чақалоқлар операция қилинган.

«Амалиёт 3 соат давом этди. Болалар бир-бири билан жигар орқали бирлашгани ўз исботини топди. Болаларни ажратганда жигардан ва бошқа қон томирлардан қон кетишининг олдини олиш мақсадида ультратовуш ва аргон скалпели, шунингдек, „Bloodstop“ деб аталган замонавий гемостатик материалдан фойдаландик. Натижада минимал даражада қон кетиши билан болалар ажратиб олинди», — деди амалиётга бошчилик қилган Бахтиёр Эргашев.

Бу вақтда беморларнинг ўт пуфаклари алоҳида-алоҳида шакллангани маълум бўлди. Бу эса икки тана ажратилганида, бу аъзолар ўз вазифасини бекаму кўст бажаришини таъминларди. Шундай қилиб, эгизаклар муваффақиятли ажратиб олинди, дейилади хабарда.

Операциянинг кейинги босқичида тиббий жамоа икки гуруҳга бўлиниб, иш олиб борди. Сиам эгизаклари бир-биридан ажратилгач, бир гуруҳ неонатал хирурглар жамоаси уларни операция қилди.

«Ушбу амалиётлар хирурглар тили билан айтганда „силлиқ“ ўтди. Ўта мураккаб амалиёт ва нимжонлик уларнинг тикланиш жараёнини секинлаштирди. Айниқса, Зуҳранинг буйраклари меъёрдан анча кичик экани шу ерда ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмади. Унинг саломатлигини тиклашда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг болалар бўлими мутахассислари ҳам катта ҳисса қўшди», дея келтирилади вазирлик хабарида.

Мутахассислар эндиликда «сиам эгизаги» деб аталмаётган ушбу болажонларнинг аҳволини стабил деб баҳоламоқда. Яқин кунларда чақалоқларни яшаш жойига чиқаришга умид қилинаяпти.

Вазирлик хабарига кўра, операцияда иштирок этган мутахассисларни Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов «Соғлиқни сақлаш аълочиси» кўкрак нишони ва фахрий ёрлиқлар билан тақдирлади.

Ўзбекистонда сиам эгизаклари аввал фақат бир марта Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида операция қилинган. Унда ҳам операция чет элдан чақирилган мутахассис бошчилигида ва бевосита иштирокида кечган.

«Неонатал хирургия ўқув-даволаш-методик марказида ўтказилган ушбу ўта мураккаб амалиёт эса тўлиқ ўзбек шифокорлари томонидан амалга оширилди», — деди тиббиёт фанлари доктори, профессор.