Шавкат Мирзиёвнинг Сингапурга давлат ташрифи доирасида фармацевтика йўналиши бўйича иккита келишув битими имзоланди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, бу мамлакатнинг Meinhardt Group компанияси ҳамкорлигида ташкил этилаётган Лойиҳалаштириш ва инжиниринг маркази билан иммунобиологик препаратлар ишлаб чиқарувчи, умумий қиймати 49 миллион долларга тенг фармацевтика корхонаси очилиши белгиланди.

Унга мувофиқ, Ўзбекистонда касалликлар профилактикаси ва даволаш жараёнида қўлланадиган қуйидаги препаратлар тайёрлаш йўлга қўйилади:

  • вакцина, анатоксин, пробиотик ва эубиотиклар;
  • иммуноглобулин ва иммун зардоблари, ген инженерлиги йўли билан олинган моноклонал антитаналар;
  • иммун коррекцияси, иммун танқислиги муолажаси ва профилактикасида қўлланадиган иммуномодуляторлар (интерлейкин, интерферон, тимус гормонлари, миелопептидлар, ўсма некрози омили, ўсиш омиллари ва бошқалар).

Бундан ташқари, «СиПиДжи Интернейшнл» компанияси ҳамкорлигида очилаётган Ўзбекистон-Сингапур инвестиция корхонаси билан илдиз ҳужайралари асосида дори воситалари тайёрловчи биофармацевтика комплексини ташкил этишга қаратилган қиймати 100 миллион долларлик лойиҳани рўёбга чиқаришга келишилди.

Лойиҳанинг амалга оширилиши туфайли онкологик касалликлар муолажаси, кўмик тўқималари трансплантологияси ҳамда марказий асаб тизими ҳужайраларини тиклашда қўлланиладиган биофармацевтик воситалар ишлаб чиқариш имконияти яратилади, — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 2019−2021 йилларда Республиканинг фармацевтика тармоғини янада жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги президент фармони қабул қилиниб, унда Ўзбекистонда онкологик касалликларни даволаш учун дори воситаларини ишлаб чиқиш ташкил этилиши белгиланган эди.

Аввалроқ Ўзбекистонда Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказида даволанаётган болалар учун «Меҳрли мактаб» давлат таълим муассасаси ташкил этилганди. Муассасада 2 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар учун мактабгача таълим ҳамда 1−11-синфлар учун умумий ўрта таълим берилади.