«Газета.uz» тарихда ном қолдирган, маънавий-илмий мероси билан келажакка таъсир кўрсатолган, сиёсат майдонида овози, ўрнига эга аёллар ҳақида ҳикоя қилгувчи «Аёл» лойиҳасини бошлайди. Илк номзод 2022 йили Ғарбий Австралия штатидан Австралия Сенатига сайланган афғон қизи Фотима Паймон.

Ўтган йилнинг июнида Ғарбий Австралия сенатори этиб сайланган ва 1 июлдан лавозимига расман киришган Фотима Паймон мамлакат тарихидаги энг ёш (сайловлар вақти 27 ёш эди) ва илк ҳижобли сиёсатчи сифатида майдонга кириб келди. Афғонистоннинг Кобул шаҳрида туғилиб, Австралияда муҳожир бўлиб улғайган сенатор 2022 йили федерал сайловларда шунчаки «омадини синаш», 2025 йилги сайлов кампаниясига «тайёргарлик» кўриш ниятида номзодини қўядию, омади ростдан кулади.

Фото: ABC NewsФото: ABC News

1995 йили Афғонистонда туғилган Фотима Паймон тақдирига аввалига муҳожирлик, сўнг бегона юрт сиёсатдонлари сафига қўшилиш битилганди. Фотиманинг бобоси мамлакат биринчи марта «Толибон» қўлига ўтгунига қадар парламент аъзоси бўлган. Бироқ бошқарув режими ўзгаргач, отаси Абдул Вакил хотини ва болаларини олиб, 1999 йили Покистонга қочиб ўтади. Бу ерда бир муддат турган оила болалар хавфсиз ва эркин давлатда ўсиб-униши, ўқиши шартлигини сезиб, бошқа жойга кетишга ҳозирланади. Лекин катта таваккал ва қочоқлик мақоми оғирлигини билган оилабоши аввал ўзи кичкина қайиқда Австралияга сузиб кетади ва 2003 йилгача — бегона юртда ортда қолган оиласига шароит яратиб, пул жамғаргунча ҳеч бир ишдан қочмайди.

Сенатор этиб сайлангач, Фотима парламент олдидаги илк нутқини сўзларкан, отасининг сермашаққат ҳаёти ҳақида ҳамкасбларига ҳикоя қилади:

«1999 йили отам ҳаётини таҳликага қўйиб, оиласини ташлаб, 11 кеча-кундуз Ҳинд океанини кичик қайиқда, бўрон-довулда кесиб ўтиб, аёли, икки қизи ва ўғли учун хавфсиз жой излашга ошиқади. Беадоқ ғам-ташвиш ва ўй-гумон онамни тинч қўймас, отамнинг Австралияга соғ-саломат етиб олган ё йўқлиги ҳақида икки оғиз хабар эшитиш илинжида кунни тунга улаб кутарди.

Орадан тўрт ой ўтиб, ниҳоят хушхабар келди. Шундан кейин отам билан дийдорлашиш учун нақ тўрт йил кутдик. Бу вақт давомида отам уч боласи, хотинини таъминлаш ва инглиз тилини иккинчи тил сифатида мукаммал ўргангунича суткалаб ошхонада ёрдамчи, қўриқчи, такси ҳайдовчиси бўлиб ишлайди. 2003 йили ниҳоят отам билан юз кўришдик ва Пертнинг шимолий бурчакларидан бирига жойлашиб, ҳаётимизни янгитдан бошладик.

Бегона муҳитга кўникиб, мослашар эканмиз, ота-онамнинг биз учун бир бурда нонни дастурхонга қандай тер тўкиб олиб келиши, ўқишимиз, уст-бошимизни қандай бутлашини кўриб улғайдим".

Турмуш ўртоғининг юкини енгиллатиш учун Фотиманинг онаси кенжа фарзандини боғча ёшига етказгач, кичик бизнесга қўл уради: у хотин-қизларга ҳайдовчилик курси очади. Ёт элда фарзанд тарбиялаш ва рўзғор тебратиш ҳар доим ҳам осон кечмайди. Ғарбий Австралиянинг четроқ ҳудудида яшашса-да, икки қиз ва ўғлининг таълими, саломатлиги учун барини ҳозирлаган ота-онасига Фотима парламент олдида миннатдорлик билдиради:

«Аксар тиришқоқ, меҳнаткаш австралияликлар каби фарзандининг келажаги порлоқ бўлиши ота-онам учун ҳам асосий аъмоллардан эди. Биласизми, улар биз болаларини ҳар доим — синглим, укам ва мени — қўллаб-қувватларди. „Катта одам бўл, астойдил ўқи, кафолатланган, доимий ҳақ тўланадиган иш топ, жамиятнинг ҳурматли аъзосига айлан, ота-боболаринг, илдизингга содиқ қол, камтар бўл, Худога ишон ва синовларига шукр қил, сахий бўл, камбағалларга қайиш“, дерди доим».

австралия, афғон қизи, сенатор, фотима паймон, аёл лойиҳаси

Фотима Паймон куёви, синглиси, жияни, онаси ва икки укаси билан. Фото: Instagram / Senator Fatima Payman


Болалари улғайиб, ўқиш-ишини топаркан, уларнинг камолини кўраман энди деганида отанинг бирдан тоби қочиб, саратонга чалингани аниқланади.

«2017 йили отамга ўткир миелоид лейкоз ташхиси қўйилганида ҳаёт яна бир аламини олдиёв, — деб хотирлайди Фотима. — 11 ой интенсив кимётерапия, суяк илиги трансплантацияси, сон-саноқсиз дори-дармон ичган отам тузалиш ўрнига, оғирлашаверди. Менинг бир пайтлар мустақил, соғлом падарим нимжон, заиф ва кўмакка муҳтож инсонга айланиб қолди. Шунча кўргиликка қарамай, у мен билган энг кучли эркаклардан эди. Айни навқирон — эндигина 47 га кирган отамни йўқотиш оғир бўлди. У бугун орамизда йўқ, лекин хотиралари ва „томчи дарёни тоширар“ ёки „қаттиқ меҳнат ўрнини ҳеч нима босолмас“, „одобни одобсиздан ўрган“, „бешикдан қабргача илм изла, сабаби, ҳаёт жуда қисқа ва беқарор, бир лаҳзадан кейин бормизми ё йўқ, билмаймиз“, деган сабоқлари мангу қолади».

Паймон Пертдаги Австралия Ислом коллежида фармацевтика йўналишида таҳсил олади. У антропология ва социология бакалаври, фармацевтика фанлари бўйича магистрлик дипломига эга сиёсатчидир. Нега тиббиёт йўлидан кетмагани, сиёсий фаоллик устун келганини қуйидагича изоҳлайди:

«Тиббиётдаги билимларим у қадар юксалмагач, инсониятга хизмат қилишнинг ягона йўли барибир тиб илми эканини англаб, отамга қулоқ тутдим ва фармацевтика соҳасини танладим. Шу чоққача ўз оламим, қобиғимда яшаб, университетда илк зарбага учрадим: бир йигитча рўмолимни масхаралади. Биласизми, ўша пайтгача айирмачилик нималигини билмай ўсгандим. Перт бошқа жойлардан келганлар учун ҳам қадрдон уйдек эди.

Уйим қаерда бўлса, юрагим ўша ерда урар, қалбим эса оилам билан биргалиги учун ўзгачалик, бегоналикни сезмасди. Пертнинг шимолий бурчакларида униб-ўсган бошқа австралиялик болалар қатори мен ҳам жамоат транспортида университетга қатнар ва жамиятнинг фаол аъзосига айланишга умид боғлардим. Бироқ «қаердан келган бўлсанг, тезда ўша ерга жўна» қабилидаги муносабатлар янграр ёки мен умримда алоқадор бўлмаган экстремизмга ишора қилишарди. Шунда ўзгаларнинг бир бўлагига айланиш учун кўнгилли сифатида жамоатчилик ишларида қатнаша бошладим, одамлар орасида яхшилик улашсам, ушбу миллатнинг тенг аъзоси қабилида қабул қилинишим мумкин эди".

Фотима Паймон Австралия бош вазири Энтони Албаниз билан 2022 йилги сайловолди тадбирларда. Фото: The West AustralianФотима Паймон Австралия бош вазири Энтони Албаниз билан 2022 йилги сайловолди тадбирларда. Фото: The West Australian

Отасининг меҳнаткашлиги, иш танламаслиги Фотимага ҳам юққан. 2018 йили ўқишини тугатган қиз Касаба уюшмалари ташкилоти ва Ғарбий Австралия Ёш лейбористлар ташкилотида баравар иш бошлайди. Бунга қўшимча, Edmund Rice Centre'да дастур координатори ва ҳуқуқшунос, сиёсатчи Пьер Янгнинг сайлов кампаниясида ходималик қилади. Сиёсат майдонига шу тариқа йўл очилади.

2022 йили эса сайловларда «суяк қиздириш», «тайёргарлик кўриш» учун қатнашган Паймон якунда сенатор этиб сайланишини кутмаганини тан олади. Гарчи 2005 йили Австралия фуқаролигини олган бўлса-да, афғон фуқаролигидан ҳам воз кечмаганди. Мамлакат конституциясининг 44-моддасида фақат ва фақат Австралия фуқаролари сайловда ўз номзодини илгари суриши мумкинлиги боис 2021 йил октябрида Афғонистоннинг Австралиядаги элчихонасига бориб, фуқароликдан воз кечмоқчилигини айтади. Лекин элчихона унинг аризасини қаноатлантира олмаслиги, август ойида ҳукуматни эгаллаган Толибон билан алоқа йўқлигини билдиради. Аро йўлда қолган Фотимага Лейбористлар партияси афғон фуқаролигидан воз кечишга бўлган жамики уринишларини ҳисобга олиб, сайловда қатнашишга имкон беради.

27 ёшида сенатор этиб сайланган Фотима бугун мамлакат тарихидаги энг ёш сиёсатчидир. У «турли миллатга мансуб кишиларни сиёсатга олиб кириш, таълимни эрта ёшдан яхшилаш ва иқлим ўзгаришларига эътибор бериш»ни асосий вазифалари деб санайди. Уни «Замонавий Австралия тимсоли» деб аташяпти. Атрофига ёшларни кўпроқ йиғиш ниятида у ОАВда ёшига урғу беришни, сиёсат майдонида тенгқурлари билан бақамти ишлашни хоҳлайди. «Ёшларни сиёсат курсисига олиб келиш жуда муҳим масала», дейди у.

Ўзи ҳам сиёсатга барвақт ёшда келишни мўлжалламаганди бошида. Лекин отасининг ўлими унга бир ҳақиқатни англатади: имкон туғилдими, фойдаланиш керак, чунки қанча умр кўришинг ўзингга ҳам ноаён.

Сенатор ҳамкасблари олдида биринчи нутқини сўзламоқда. Фото: news.com.auСенатор ҳамкасблари олдида биринчи нутқини сўзламоқда. Фото: news.com.au

Лавозимга киришишдан аввал Сенат олдида нутқ сўзларкан, бош вазир Энтони Албаниз билан мудофаа вазири Ричард Марлис атайин келиб, ёш сиёсатчини ҳаммадан аввал қутлади. Ўзгаришлар ва ислоҳотлар ҳақида гап кетганда Фотима: «Ниманидир ўзгартиришни хоҳласанг, бунга бутун борингни беришинг шарт. Шунчаки курсида ялпайиб, ниманидир кутиб, дуо ўқиб ўтириш керак эмас», дейди.

Аёлларнинг жамиятда ўрни хусусида гап кетса: «Биз аёлларда шижоат ва қатъият жуда кўп. Агар нимадир қилишни истасак, жон-жаҳдимиз билан ўша ишга ёпишамиз ва мақсадимизга эришамиз», дейди у. Ҳатто энг демократик саналган давлатларда ҳам хонимларнинг сиёсатга кириб келиши хушламай қабул қилинади. Бироқ Фотимани ҳамкасблари қизғин қутлади, сиёсий фаолияти бардавом бўлишини тилаб, тақдим этган дастурига жиддий эътирозлар билдирилмади.

Бугун бир пайтлар хафвсизлик, сифатли таълим ва бехавотир яшаш илинжида Ҳинд океанини кесиб ўтган афғон оиласининг тўнғич фарзанди бегона мамлакат бошқарувида муҳим шахслардан бирига айланди. Унинг бундан кейин тасдиқлайдиган қонунлари нафақат австрияликлар, балки миллионлаб муҳожир, қочоқ, хотин-қиз тақдирига сезиларли таъсир кўрсатиши тайин.