Ўзбекистон халқ артисти, цирк устаси Зарипов Ҳаким Каримович 99 ёшида вафот этди, деб хабар берди Маданият вазирлиги матбуот хизмати.

Санъаткор 1924 йил 17 сентябрда Тошкент шаҳрида таваллуд топган, 1947 йилда Ўзбекистон давлат консерваториясини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини 1942 йилда «Ўзбек давлат цирки» республика бирлашмасида чавандоз сифатида бошлаган.

Ҳаким Зарипов 1946—1997 йиллар давомида цирк санъати устаси, чавандоз, ҳайвон ўргатувчи, масхарабоз, кино актёри, каскадёр сифатида фаолият олиб борди. 2017 йилдан эса «Ўзбек давлат цирки» давлат муассасаси етакчи саҳна устаси ва ижодий жамоа бадиий раҳбари сифатида меҳнат қилди.

Ҳ.Зарипов ўзбек цирки санъатини ривожлантиришга катта ҳисса қўшиб келаётган уста, бадиий ва ижодий гуруҳ раҳбари, отасининг ишини муносиб давом эттирган, республика ва жаҳон миқёсида ўтказилган томошаларда қатнашиб, Ўзбекистон байроғини юқорига кўтарган, бутун дунёга ўзбек циркини таништирган артист сифатида эл-юрт ҳурматига сазовор бўлган меҳнат фахрийси эди, — дейилади вазирлик хабарида.

У турли йилларда «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист», «Ўзбекистон халқ артисти» фахрий унвонлари, шунингдек, «Маданият ва санъат фидокори» кўкрак нишони билан тақдирланган.

Маданият ва туризм вазирлиги жамоаси, жумладан, Озодбек Назарбеков санъаткор вафоти муносабати билан унинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди.

Тошкент шаҳри собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 2019 йилда 9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносаби билан Ҳаким Зариповнинг яшаш жойига ташриф буюриб, унга янги уй калити ҳамда эсдалик совғасини топширганди. Унгача санъаткор узоқ йиллар давомида ўз оиласи билан ётоқхонада яшаб келган.