Маданият ва туризм вазирининг биринчи ўринбосари Улуғбек Азамов Болгария туризм вазири Илин Димитров билан учрашув ўтказди, дея хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати.

Томонлар Ўзбекистон ҳамда Болгария ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, ўзаро туристлар оқимини ошириш, соҳада фаолият олиб бораётган тадбиркорлик субъектларининг алоқаларини ўрнатишга кўмаклашиш ва икки давлат ўртасида чартер авиақатновларни йўлга қўйиш юзасидан музокаралар олиб борди.

Болгария томонига Ўзбекистон туризмида амалга оширилаётган туристик инвестиция лойиҳалари, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари учун яратилган шароитлар ҳамда инвесторлар учун тақдим этилаётган имтиёзлар тўғрисида маълумот берилди.

Учрашув якунига кўра, Ўзбекистон ҳамда Болгарияда туризм соҳасида фаолият олиб бораётган тадбиркорлик субъектларини жалб этган ҳолда Тошкент шаҳрида 2023 йилнинг апрель ойида B&G, B2B форматида учрашувлар ташкиллаштириш, туризм салоҳиятини кенг тарғиб этишга қаратилган маълумотларни Болгария ОАВда намойишини йўлга қўйиш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.