Ноқулай об-ҳаво шароитини инобатга олиб, йўловчи ташувлари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистондан халқаро йўналишларда амалга оширилувчи мунтазам автобус қатновлари 2023 йил 13 январдан вақтинчалик тўхтатилди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги хабар берди.

Таъкидланишича, шу кунларда қўшни Қозоғистон ва Россияда кузатилаётган кучли совуқ туфайли йўлларда музламалар ҳосил бўлиб, автотранспорт воситаларида техник носозликлар келиб чиқиши натижасида йўловчилар қийин вазиятларга тушиб қолиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Хусусан, 12 январь куни Қозоғистондаги «Самара-Чимкент» автомобиль йўлининг 819-километрида «Краснодар-Сариоғоч» халқаро йўналишида ҳаракатланган, ичида Ўзбекистоннинг 31 нафар фуқароси бўлган автобус тўхтаб қолган.

Автотранспорт воситаси йўлда қолиб кетишига кучли совуқ туфайли дизель ёнилғиси музлаб қолгани сабаб бўлган. Қозоғистоннинг Ақтўбе области Хромтау райони қутқарувчилари йўловчиларни Хромтау шаҳридаги «Шерхон» кемпингига жойлаштиришган. Жабрланганлар йўқ, йўловчиларнинг иссиқлик таъминоти назоратга олинган.