Қозоғистоннинг Актобе вилоятида ноқулай об-ҳаво шароити туфайли йўлда қолиб кетган иккита йўловчи автобусидан 69 нафар ўзбекистонлик эвакуация қилинганди. Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ушбу вазият юзасидан маълумот берди.

Унга кўра, 9 январь куни соат 18:00 да «Uzautotrans service» МЧЖнинг Yutong bus ZK6122H9 автобуси барча талабларга риоя этган ҳолда транспорт воситаси техник, ҳайдовчилар эса тиббий кўрик ва махсус йўриқномалардан ўтиб, Тошкент-Москва йўналиши бўйича 26 йўловчи билан Тошкент автовокзалидан белгиланган жадвал асосида қатновни амалга ошириш учун йўлга чиққан.

Йўналиш давомида 10 январь куни Тошкент вақти билан соат таҳминан 22:00 да Қозоғистоннинг Актобе вилояти Самара-Чимкент трассасида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан ноқулай об-ҳаво шароити туфайли йўлларда вужудга келган музламалар сабаб шу йўналишда ҳаракатланаётган барча енгил, юк ва жамоат транспорт воситалари ҳаракати вақтинча тўхтатилган.

Шу жумладан, юқорида кўрсатиб ўтилган автобус ҳаракати ҳам вақтинчалик тўхтатилган. Маҳаллий ҳукуматнинг ФВВ департаменти томонидан йўловчилар ўша атрофдаги масжидга вақтинчалик жойлаштирилган.

Йўлдаги музлар ва тўсиқлар бартараф этилгандан сўнг транспорт воситалари ўз ҳаракатларини давом эттирган.

«Uzautotrans service» МЧЖнинг Тошкент-Москва йўналишида қатновни амалга ошираётган автобус Қозоғистон ва Россия чегара божхона постидан ўтган. Ҳайдовчи билан ўрнатилган оператив алоқага кўра автобусдаги барча йўловчилар соғ-саломат ҳолда йўналишда ўз сафарини давом эттирмоқда.