Қўшимча таътил кунларида мактабгача таълим ташкилотларининг фаолият юритишига рухсат бериш ҳудудий ҳокимлар зиммасига юклатилганди. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот хизмати ҳокимлик рухсат бермаган боғчаларда ҳам барча ходимлар иш фаолиятини доимгидек давом эттириши кераклигини маълум қилди.

Таъкидланишича, берилган қўшимча таътил даврида мактабгача таълим ташкилотлари директорлари ўз ўрнида бўлади. Шунингдек, бошқа ходимлар ҳам ўз иш ўринларида бўлиши керак (ошпазлар бундан мустасно).

«Ташкилотнинг педагог кадрлари, таътил кунларидан унумли фойдаланган ҳолда, ўзининг йўналиши бўйича қўлланмалар, ўқитишнинг янги услублари, янги дидактик, ҳаракатли ўйинлар устида ишлаши лозим бўлади.️ Тизим бўйича эълон қилинган қўшимча таътил кунлари фақат тарбияланувчилар учундир», — дейилади хабарда.

Вазирлик ўша тизимда кузатиладиган камчиликларга ҳокимлик жавобгарлигини эслатиб, уларнинг назоратидан яхши ўтган боғчаларгина иш фаолиятини юритиши мумкинлигини қайд этди.

Аввалроқ «Газета.uz» ҳудудлардаги таълим муассасаларида дарслар қачондан бошланиши борасидаги маълумотларни бир ерга жамлаганди (рўйхат).