Ўзбекистонлик таниқли боксчи, Рио Олимпиадаси чемпиони Фазлиддин Ғоибназаровнинг қуш овлагани акс этган видео ва суратлар ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлганди.

Табиат ресурслари вазирлиги матбуот хизмати мазкур ҳолат бўйича муносабат билдирди. Таъкидланишича, ушбу ҳолат 2022 йилнинг 30 декабрь куни Тошкент вилоятининг Бекобод туманидаги Сирдарё дарёсида кузатилган. Фуқаро Х.У. томонидан қушлар овланган. Ўлжалар билан бевосита бошқа фуқаролар қаторида спортчи Фазлиддин Ғоибназаров ҳам фото ва видеотасвирга тушгани ўз тасдиғини топган.

муносабат, табиат ресурслари вазирлиги, фазлиддин ғоибназаров

Фото: Табиат ресурслари вазирлиги матбуот хизмати

«Ўрганишлар давомида овни амалга оширган фуқаро Х. У.нинг ов қилишга тегишли ҳужжатлари мавжудлиги, у овчилик жамиятидан рўйхатдан ўтганлиги аниқланди. Бироқ, у ов жараёнида белгиланган меъёрларга амал қилмаган ҳолда ов қилиш қоидаларини қўпол тарзда бузганлиги ва бу билан табиатга зарар етказганлиги маълум бўлди», — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 90-моддасига асосан ҳуқуқбузарга нисбатан жарима ва ҳайвонот оламига етказилган зарар миқдори ҳисобланиб, ов қуроллари Тошкент вилояти Бўка тумани ИИБга белгиланган тартибда топширилган.

«Юқоридаги ҳолат юзасидан барча иштирокчилардан бундай ҳолат бошқа такрорланмаслиги тўғрисида тушунтириш хатлари олиниб, профилактик суҳбат ўтказилди», — дейилади вазирлик ахборотида.

Таъкидлаш жоизки, вазирлик эълон қилган расмий муносабатда боксчи Фазлиддин Ғоибназаровнинг ўлжалар билан фақат суратга тушгани қайд этилган. Аммо спортчи Instagram саҳифасида эълон қилган ва кейинчалик ўчириб юборган видеода унинг ўзи ҳам ов қуролидан ўқ узиб, қушларни овлаётгани тасвирланган.

Қолаверса, «Газета.uz» мухбири бир қанча саволларга жавоб олиш мақсадида Фазлиддин Ғоибназаров билан боғланганганида, у ов қилганини тасдиқлаган эди.

«Эртага балиқ овласам ҳам, нега балиқ овладиларинг, деб ҳам ҳамма гапиради. Одамларга қўйиб берсаларингиз, тирноқ орасидан кир қидиради, тўғрими? [Қушлар] Қизил китобга киритилмаган-ку. Одамлар гапираверади, эътибор қилманглар», — деган эди спортчи.

«Газета.uz» мухбири боксчи Фазлиддин Ғоибназаровга қандай чора кўрилгани бўйича изоҳ олиш учун Табиат ресурслари вазирлиги матбуот хизмати билан боғланди. Аммо вазирлик вакиллари спортчига оид қисмига ойдинлик киритмади. Улар ўзида бор маълумотни вазирлик телеграм каналида эълон қилганини қайта-қайта такрорлади.

Эслатиб ўтамиз, Фазлиддин Ғоибназаров иштирокидаги мазкур ҳолатга ekologuz телеграм-канали ҳам эътибор қаратиб, спортчилар қушларни ўлдиришни эмас, балки уларни асраш, меҳр кўрсатишни тарғиб қилиши кераклигини билдирган эди.

муносабат, табиат ресурслари вазирлиги, фазлиддин ғоибназаров

Фото: instagram.com/fazliddingaibnazarov