Бир йилда нечта китоб ўқийсиз? Кунингизнинг қанча қисмини мутолаага сарфлайсиз? Хоҳлаганингиздан кўра кам, тўғрими? Иш-ташвишнинг тугамаслиги ёки шунчаки ҳафсала, хоҳиш йўқлиги баҳона бунга. «Газета.uz» китобхонликни тарғиб этиш, ўқувчини кўп ва хўб ўқишга ундаш ниятида «Нима ўқиймиз?» саволи билан олим, тадқиқотчи, жамоат фаоли, ёзувчи-шоир, таржимон ва бошқаларга юзланади, уларнинг йил давомида ўқиган ё ўқилиши шарт деб санаган китоблари тавсиясини сизга етказади. Мақсад жуда оддий — китобхон бўлайлик!

«Нима ўқиймиз?» лойиҳасининг навбатдаги меҳмони — «Озодлик»нинг Ўзбек хизмати бош муҳаррири, журналист ва шоир Паҳлавон Содиқ.

Яқин орада ўқилган китоблардан тавсиялар

Рақамли ахборот даврида бадиий китоб ўқиш каррасига камайиб кетди. Бир пайтлар, бундан чорак аср аввал, бир устозимиз «ўзимга қолса, телевизорни 10 йилларга тақиқлаб, ҳаммани китоб ўқишга мажбурлардим», деган эди. Ваҳоланки, у пайтлар ҳали интернет оммалашмаган, ҳар куни газета сотиб олиб ўқирдик. Ҳозир эсласам, кулгим қистайди. Қаердан қаерга?

Аммо ўқиш билан ўқишнинг фарқи бор, албатта. «Камайиб кетди» дерканман, секин ва чуқур ўқишни, мутолаани, когнитив жараённи, танқидий фикрлашни ўз ичига олган ўқишни назарда тутяпман. Ижтимоий тармоқлар газета, китоб, архив — ҳамма нарсанинг ўрнини эгаллаб олган ҳозирги замонда бу қарийб имконсиздек бир нарсага айланган. Аксар китобларни электрон шаклда ўқийдиган бўлганмиз, аммо ҳалигача электрон вариантни китоб деб қабул қилишга кўника олганим йўқ. Имкон қадар, ўқиб бўлгандан кейин бўлса ҳам, босма шаклини сотиб олиб, жавонга қўймагунча ўқилмагандек туюлаверади бу китоб.

Ўзи аслида ҳам рақамли ва аналог китоб мутолаасида фарқ бор. Мияни «қонатадиган» рақамли ўқиш жараёнидаги тафаккур қилиш билан қоғоздаги матнни ўқигандаги тафаккур ўртасида сифат жиҳатидан фарқ катта. Аммо ечим уларнинг биттасидан воз кечишда эмас, иккаласининг ўртасида мувозанат қилишда, деб ўйлайман. Худди шу ерда аудиокитоблар қўл келиши мумкин. Аудиокитоб, назаримда, матннинг электрон шаклида йўқолиб қоладиган мусиқани беради. Албатта, гап бадиий матн ҳақида боряпти.

Бу йил ўқилган китоблардан

Albrecht Koschorke, Konstantin Kaminskij. Tyrants writing poetry. Central European Press нашриёти. 2017 йил. 286 саҳифа

китоб, китоблар, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, паҳлавон содиқ

Европадаги биринчи замонавий монархиялардан тортиб XX аср диктатуралари — Гитлер ва Сталингача ҳукмдорлар орасида шеър ёзганлари кўп бўлганини биламиз. Ўзимизда бу кўриниш давлатчилик билан бирга пайдо бўлган бўлса, ажаб эмас. Бу китобга бизнинг минтақадан марҳум Туркманбоши — Сапармурод Ниёзов ҳам кирган. Аммо «Шеър ёзган мустабидлар» китобидаги тадқиқотнинг янгилиги бунда эмас.

Китоб қадимги сарой шоирлари билан ҳозирги пиар технологияларини тадқиқ қилади. Унда масалан, қадимда шоирлар ҳозирги ҳукумат воизлари ёки матбуот хизматлари бажарган ролни бажаргани, ўхшаш технологиялар қўллангани, баъзида сарой шоирининг бадиий шахсияти сиёсий шахсиятга эврилиб, саройнинг ўзидан ҳам катталашиб монарх ёки подшоҳнинг ҳокимиятига таҳдид солгани кўрсатилади (ўзимиздан Алишер Навоийни бунга мисол қилиб олиш мумкин).

Ҳозирги воизлардан фарқли сарой хўжайини — подшоҳ ўлганидан сўнг ҳам ҳалиги шоирнинг таъсири, бир маънода ҳокимияти сақланиб қолаверган. Қизиқ параллеллар бор.


Vladimir Nabokov. Lectures on Russian Literature. Pen Books нашриёти. 1987 йил

китоб, китоблар, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, паҳлавон содиқ

Владимир Набоков 1940 йили Америкада академик карьерасини бошлагунича рус адабиёти ҳақида 2 минг бетлик тадқиқот ёзганини айтади. Китобдан Набоков Стэнфорд университетида ўқиган маърузаларининг бир қисми ўрин олган. Толстой, Достоевский, Чехов сингари рус адабиёти классиклари ҳақидаги қизиқ ва оригинал қарашлари, шунингдек, бадиий цензура қандай ишлагани ҳақидаги кузатишлар ўрин олган.

«Рус адабиёти маърузалари»нинг тили Набоковнинг ҳаётий биографияси, русча ва инглизча матнларида кузатиладигани каби мураккаб. Умуман, Набоковга ўхшаб ёзувчи ёки рассомни жуда баландда, «ёлғиз қирол» сифатида тасвирлайдиган муаллифларни ўқиш қийин, бир томондан, ўқувчига жуда баланддан қарагандек туюлади, аммо бошқа, ижобий жиҳати — ўқийдиган одам ҳам у билан бўйлашишга, ўша «қирол» билан тенглашишга ҳаракат қилади.


The Oxford Shakespeare. The complete sonnets and poems. Oxford University Press нашриёти. 2008 йил. 768 саҳифа

китоб, китоблар, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, паҳлавон содиқ

Бир мартада ўқиладиган китобмас, албатта. Шекспирни ўқишга ёрдам берадиган, қайта ва қайта мурожаат қилинадиган китоб, деган бўлардим.


Mevlana (Жалолиддин Румий). «Divan-i Kebir». Ötüken нашриёти. 2020 йил. 4 китоб, жами 1762 саҳифа

китоб, китоблар, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, паҳлавон содиқ

Жалолиддин Румийнинг «Маснавийи маънавий», «Ичиндаги ичиндадир» деб таржима қилинган «Фиҳи мо фиҳи» («Ўзидаги ўзида») асарлари ўзбекчага ўгирилган ва ўқувчилари кўп. Аммо билишимча, «Девони кабир» ҳали таржима бўлгани йўқ. Инглиз тилига яқинларда таржима бўлганини биламан.

«Шамс девони» деб ҳам деб аталадиган девон Румий Шамс Табризийни таниганидан то унинг вафотигача бўлган даврда ёзилган шеърлари антологиясидан иборат. Румий шеърларни қоғозга туширмагани, уларни онийдан ўқиб кетгани ва муридлари ёки котиблари ёзиб олганини биламиз. «Маснавий»дан фарқи соф дидактика эмаслигида. Лирика, мистика ва сўфизм.


Orhan Pamuk. Veba geceleri. Yapi Kredi Yayinlari нашриёти. 2021 йил. 544 саҳифа

китоб, китоблар, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, паҳлавон содиқ

Нобель мукофотини олган бошқа кўпгина адиблардан фарқли Ўрхон Помуқ Нобелга лойиқ кўрилганидан ҳам яхшироқ асарларини ёзган ва ёзишда давом этаётган кам сонли ёзувчилардан деб биламан. «Вабо кечалари»да ҳам олдинги қатор романларидаги каби эпик қотиллик мотиви бор. Воқеалар Султон Абдулҳамид даврида Усмонли империяси вилоятларидан бирида вабо эпидемияси тарқалиши атрофида кечади.


Al-Ghazali (Ғаззолий). The Incoherence of the philosophers. Young University Press нашриёти. 2000 йил

китоб, китоблар, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, паҳлавон содиқ

Олдинроқ Би-би-си радиодастурида инглиз тадқиқотчиларининг Ибн Сино ва Фаробийнинг фалсафий қарашлари танқид қилинган «Таҳофатул фаласифа» ҳақидаги қизиқ баҳсини эшитган эдим. Шундан кейин китобнинг турк тилидаги иккита таржимасини ўқидим, аммо кўнглим тўлгани йўқ, бу йил қўлимга тушган инглизча нашри мен кўрган таржималар ичида мукаммалроғи бўлса керак. Ўзбекча таржимасини кўрмадим.


Toshikazu Kawaguchi. Before the coffee gets cold. Macmillan нашриёти. 2019 йил. 224 саҳифа

китоб, китоблар, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, паҳлавон содиқ

«Қаҳва совигунича» — Токиодаги кичик бир қаҳвахонада ўтказилган вақт машинасига ўхшаш эксперимент ҳақидаги роман. Габриэль Гарсиа Маркеснинг «Полковникка хат йўқ» қиссасига ўхшаш қайғули, аммо асар қаҳрамонлари Маркес қаҳрамонидан фарқли фақат ўз ўтмишига боғланиб қолмаган, кечинмалар ундан бойроқ ва турфа хил.


Ўзбек адабиётидан Эркин Аъзамнинг «Гонолулуга элчи» қиссаси (менимча ҳали чоп бўлмади), Назар Эшонқулнинг туркум ҳикоялари, Исажон Султоннинг «Навоий» ва Олим Тошбоевнинг «Ултонтоз» романлари.

Ёшларга тавсия

Тавсия (ўзбек мумтоз адабиёти, XX аср боши, жадидлар, адабиёт дарслиги ва жаҳон адабиёти хрестоматиясига кирган асарларга қўшимча):

  • Ўрхон Помуқ. «Менинг отим қизил» ва бошқа романлари;
  • Милорад Павич. «Ҳазар луғати»;
  • Мурод Муҳаммад Дўст. «Лолазор»;
  • Абдулҳамид Исмоил. «Жинлар базми» романи;
  • Чеховнинг барча ҳикоялари. Жумладан, «Гапирмоқ ёки жим турмоқ» ҳикояси;
  • Михаил Булгаков. «Уста ва Маргарита»;
  • Франц Кафка ва Альбер Камю. Ҳикоя, қисса ва романлар;
  • Жеймс Жойс. «Улисс» романи;
  • Лотин Америкаси адабиётидан — Хорхе Луис Борхес ҳикоялари. Габриэль Гарсиа Маркес — «Ёлғизликнинг юз йили», «Бузрукнинг кузи», «Полковникка хат йўқ»;
  • Ўзбек замонавий шеъриятидан — Рауф Парфи, Шавкат Раҳмон, Фахриёр ва бошқалар.

Бунга қўшимча «Минг бир кеча» ва «Шоҳнома», Ғарб ва Шарқ файласуф ва теологлари, жумладан, Ғаззолийнинг барча асарлари, Иммануэль Кантнинг «Соф ақлнинг танқиди», Шопенгауэр ва бошқа немис файласуфлари. Шунингдек, юнон ва туркий халқлар мифологияси.