Жиззах шаҳрида Самарқанд давлат тиббиёт университетининг Жиззах филиали ҳамда замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган вилоят Болалар диагностика маркази ташкил этилади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг қарори Regulation.gov.uz сайтига муҳокама учун қўйилди.

Мазкур филиалнинг асосий вазифалари этиб ҳудудда малакали тиббиёт кадрларини тайёрлаш, хорижий олий таълим муассасалари тажрибасини татбиқ этиш асосида малака талаблари, ўқув режалари ва фан дастурларини ишлаб чиқиш кабилар белгиланмоқда.

2023/2024 ўқув йилидан Жиззах давлат педагогика университетининг «Даволаш иши» ва «Педиатрия иши» бакалавриат таълим йўналишида таҳсил олаётган талабаларга ўқишини Самарқанд давлат тиббиёт университетининг Жиззах филиалида давом эттиришларига рухсат берилади.

Филиалнинг янги бино ва иншоотлари қуриб битказилгунга қадар ўқув жараёнини ташкил этиш учун вақтинчалик Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникуми базасида бино ажратиш кўзда тутилган.