Ўзбекистонда бирламчи тиббий санитария ёрдами муассасалари ходимлари ўзига бириктирилган барча хонадонларда фаол патронаж ишларини олиб бормоқда, дея хабар қилди ССВ матбуот хизмати.

Бунда уйма-уй юрган ҳолда «Хонадон дори қутиси»ни шахсан назоратдан ўтказиш, муддати ўтган препаратлар, сақлаш қоидалари бузилган ҳамда Quramax Medical компаниясининг барча дори воситаларини қабул қилмаслик ва истеъмолдан чиқариш юзасидан зарур чоралар кўрилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ССВнинг янги раҳбари Амрилло Иноятов дорихоналарга йўллаган хатида Quramax 2022 йилда импорт қилган барча дориларнинг сотилишини тўхтатиш ҳақида кўрсатма берганди. Вазирликнинг маълум қилишича, Quramax Medical томонидан Ўзбекистонга олиб кирилган барча дори воситалари сотуви тўхтатилган.

Дори воситалари сифатини назорат қилиш ва стандартлаштириш лабораторияси томонидан ўтказилган «Док-1 Макс» ҳамда «Амбронол» дори воситаларининг чуқурлаштирилган сифат назорат натижаларига кўра, ушбу препаратлар норматив ҳужжатда кўрсатилган таркибга номувофиқлиги аниқланган.

Хусусан, уларнинг айрим серияларида пропиленгликоль моддаси ўрнига ёки у билан бирга этиленгликоль ва диэтиленгликоль моддалари мавжудлиги маълум бўлди. Шуни инобатга олган ҳолда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва қолган дориларни ҳам қўшимча текширувдан ўтказиш мақсадида эҳтиёт чораси сифатида Quramax Medical МЧЖ томонидан 2022 йилда олиб кирилган барча препаратлар сотуви тўхтатилди.

Ҳозиргача ушбу препарат истеъмоли ортидан 20 нафар бола вафот этган.