Самарқанд вилоятида тадбиркор 2,3 млрд сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиб келаётгани аниқланди, дея хабар қилмоқда Энергетика вазирлиги.

Вазирлик ишчи гуруҳи томонидан ўтказилган назорат тадбирида Самарқанд вилоятининг Иштихон туманида фаолият юритиб келаётган «MAROQAND SIFAT TEKSTIL» МЧЖга қарашли текстиль маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи цехда фойдаланилган электр энергияси сунъий равишда пасайтирилган тариф бўйича ҳисоб-китоб килиб келинаётгани аниқланди.

Хусусан, истеъмолчи томонидан фойдаланилган электр энергияси миқдорини ҳисоботларда сунъий равишда бузиб (пасайтириб) кўрсатилгани оқибатида тизимга 2,3 млрд сўм зарар етказилгани маълум бўлди.

Қайд этилишича, ушбу ҳажмдаги электр энергияси ўртача 26 мингта хонадоннинг бир ойлик истеъмолини ташкил қилади. Қоидабузар истеъмолчига нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўрилган.