1 январь куни «Бухоро — Тошкент» йўналишидаги Afrosiyob тезюрар электропоезди Тошкент вилоятининг Чиноз тумани ҳудудида икки соат тўхтаб қолди, дея хабар қилди «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси матбуот хизмати.

Таъкидланишича, поезд электр кучланишли сим тармоғидаги носозлик сабабли «Янги Чиноз — Чиноз» перегон оралиғида тўхтаб қолган.

Йўловчиларни манзилга хавфсиз етказиб келиш мақсадида 20:35 да Тошкент-Шимолий вокзалидан захира Afrosiyob электропоезди жўнатилган ҳамда ушбу поезд Чиноз бекатига 21:05 етиб борган. Захира поезди соат 22:05 да Тошкент-Марказий вокзалига етиб келган.

«Йўловчиларга йўл давомида қўшимча иссиқ чой-кофе ва озиқ-овқат бепул тарқатилди. 269 нафар йўловчига чипта нархи тўлиқ қайтариб берилади», — дейилади хабарда.