Ҳайдовчиларини тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлаш бўйича фаолиятни лицензиялаш бўйича ваколатли орган мақоми Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясидан Ички ишлар вазирлигига ўтказилмоқда. Сенатнинг 36- ялпи мажлисида ушбу тартибни кўзда тутувчи «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун кўриб чиқилди, дея хабар қилди парламент юқори палатаси матбуот хизмати.

Қайд этилишича, ушбу ҳуқуқий ҳужжатни кўриб чиқиш жараёнида сенаторлар йўлларда содир бўлаётган йўл-транспорт ҳодисалари жамиятни хавотирга солаётгани, уларнинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш ва уларнинг олдини олишда тегишли масъул ходимларнинг масъулиятини янада оширилиши лозимлигини таъкидлади.

Шунингдек, ҳайдовчиларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимидаги мавжуд камчиликлар ҳам йўлларда турли қоидабузарликлар ҳамда ўлим билан тугаётган йўл-транспорт ҳодисаларининг содир этилишига сабаб бўлаётгани қайд этилди.

Бундан ташқари, Қонун билан автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлаш соҳасида фаолиятни лицензиялаш учун тўланадиган давлат божи базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдорида белгиланмоқда.

Шунингдек, «Давлат божи тўғрисида»ги ҳамда «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги қонунларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.