Сенатнинг ўттиз олтинчи ялпи мажлисида «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги қонун кўриб чиқилди, дея хабар бермоқда юқори палата матбуот ҳизмати.

Қонун Ички ишлар вазирлиги томонидан ҳуқуқбузарликлар профилактикасига оид давлат сиёсатини самарали рўёбга чиқариш, мазкур жабҳадаги муносабатларни тўлиқ тартибга солишни таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.

«Қонун ижодкорлигида шошма-шошарликка, юзакичиликка, ҳамма учун мажбурий бўлган қоидаларни шунчаки, етарли асосларсиз белгилаб кетишга зинҳор йўл қўйиб бўлмайди. «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги Қонун ҳам бу талабдан мустасно эмаслигига эътибор қаратилди», — дейилади Сенат хабарида.

Қонун 8 та боб ва 88 та моддадан иборат бўлиб, Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан соҳа мутахассислари, экспертлар, олимлар иштирокида ўтказилган муҳокамалар уни қайта кўриб чиқиш лозимлигини кўрсатгани қайд этилди.

Сенаторлар қонундаги қатор нормалар амалдаги бошқа қонунлар, жумладан ҳуқуқбузарликлар профилактикаси билан бевосита ёки билвосита боғлиқ бўлган қоидаларга номувофиқ, ҳатто баъзи ўринларда зид ва қарама-қарши эканини билдирган.

Хусусан, Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан соҳа мутахассислари, экспертлар, олимлар иштирокида мазкур қонун юзасидан ўтказилган муҳокамалар уни қайта кўриб чиқиш лозимлигини кўрсатганини таъкидланди.

Сенатор Кутбиддин Бурхонов қайд этишича, қонуннинг 19-моддасида соғлиқни сақлаш муассасаларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасидаги ваколатлари сифатида вояга етмаган шахслар ўртасида алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, истеъмол қилинишининг профилактикасига доир чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, алкоголь таъсирида маст ҳолатда бўлган вояга етмаган шахсларни кеча-кундуз қабул қилиш ва уларга тиббий ёрдам кўрсатиш белгилаб берилмоқда.

Ялпи мажлис давомида муҳокама қилинган бошқа бир яъни, «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги қонунда эса йигирма бир ёшга тўлмаган шахслар тўғридан-тўғри таъсир этиш субъектлари сифатида белгиланган.

сенат, қонун

Ҳар иккала қонундаги мазкур ўзаро номувофиқлик бартараф этилиши зарурлигига, яъни, вояга етмаганлар ва йигирма бир ёшгача бўлган шахслар билан боғлиқ муносабатларга ҳар иккала қонунда ягона ва мақбул ёндашувни ифода этиш лозимлиги сенаторлар томонидан қайд этилди.

Қонуннинг 3-моддасида «вояга етмаган назоратсиз шахс» тушунчасига вояга етмаган шахснинг ота-онаси ёки бошқа қонуний вакиллари уни таъминлаш, тарбиялаш ва унга таълим бериш бўйича ўз мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаганлиги ёки уларни лозим даражада бажармаганлиги оқибатида хулқ-атвори назоратсиз қолган, вояга етмаган шахс деб таъриф берилмоқда.

Конституциянинг 64-моддасида ота-оналар зиммасига ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялаш мажбурияти юклатилган. Шу боисдан қонунда вояга етмаган назоратсиз шахс бўйича берилаётган тушунчанинг Конституциянинг 64-моддасига мувофиқлигини қайта кўриб чиқиш зарурлиги таъкидланди.

Қонуннинг 43-моддасида расмий огоҳлантиришнинг шакли Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланиши қайд этилмоқда. Амалдаги нормаларда эса, расмий огоҳлантиришнинг шакли Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланиши белгиланган. Бироқ, қонунда ушбу ваколатнинг нима учун ҳукуматдан вазирликка олиб бериш кўзда тутилаётганини мутахассислар ҳам, қонун ташаббускорлари ҳам дастлабки муҳокамаларда асослаб бера олмагани айтилди.

Қайд этилишича, бундай ёндашув тенг мақомдаги вазирлик ва идоралар учун бир вазирлик томонидан умуммажбурий бўлган процессуал ёки расмий тусга эга ҳужжат шакли тасдиқланишига олиб келиши устувор нормаларга мутлақо зиддир. Қолаверса, қонуннинг 32-моддасида Бош прокуратура ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир фаолиятни мувофиқлаштирувчи ягона давлат органи этиб белгиланмоқда.

«Бу қонун инсон ҳуқуқлари, манфаатлари, қадр-қимматига бевосита дахлдор. Мана масалан, профилактика суҳбати, деган тушунча белгиланяпти. Жуда яхши амалиёт. Лекин, бундай суҳбат қанча вақт давом этиши керак, деган саволга аниқ жавоб йўқ. Профилактик суҳбат ўтказяпмиз, деб одамларни бесамар ушлаб туриш, вақтини олиш мутлақо нотўғри. Ваҳоланки, кўпгина давлатларнинг мазкур йўналишга оид қонунчилигида бу жиҳатлар аниқ кўрсатилган. Шу каби айрим нормалардаги камчиликларга кўз юмиб бўлмайди. Қонуннинг шу кўринишда қабул қилиниши эртага янада жиддийроқ муаммоларга сабаб бўлиши мумкин», — деди Сенат раиси Танзила Нарбаева.

Сенаторлар томонидан мазкур қонун жиддий қайта кўриб чиқишга муҳтож ва унинг ҳозиргидек ҳолатда маъқулланиши амалиётда самарадан кўра, кўпроқ муаммо туғдириши таъкидланди. Қонун сенаторлар томонидан рад қилинди.