3 кунда 13 мингдан зиёд хонадоннинг бир ойлик истеъмолига тенг ҳажмдаги электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилди, дея хабар бермоқда Энергетика вазирлиги.

Бу вазирлик ҳузуридаги «Ўзэнергоинспекция», электр таъминоти корхоналари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўтказган назорат тадбирларида аниқланди.

«Сўнги уч кунда 85 та ҳолатда 2,6 млн кВт-соат миқдордаги электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилган. Натижада энергетика тизимига жами 1,16 млрд сўм зарар келтирилган», — дейилади хабарда.

Келтирилишича, ушбу ҳажмдаги электр энергияси ўртача 13,2 мингта хонадоннинг бир ойлик истеъмолини ташкил қилади, қонунбузилиш ҳолатлари эса республиканинг барча ҳудудларида аниқланди. Хусусан:

  • Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида жойлашган «Бахтиёр Cлассиc сервис» МЧЖ да (турар жой биносига хизмат кўрсатувчи ширкат) 202,6 млн сўмлик;
  • Тошкент вилояти, Оққўрғон туманида жойлашган «Сувоқава Оққўрғон» бўлими 144,3 млн сўмлик;
  • Самарқанд вилояти, Нарпай туманидаги «Ғалаба Қаҳрамон ота» фермер хўжалигида 104,8 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилган.

Қоидабузар истеъмолчиларга нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўрилди, дейилади хабарда.