22 декабрь куни маҳаллий вақт билан соат 12:53 да Эроннинг Qeshm Air авиакомпаниясининг самолёти Тошкент халқаро аэропортига келиб қўнди. Теҳрон — Тошкент — Олмаота — Теҳрон йўналиши бўйича учган Airbus A300−600 борти анъанавий тарзда сув аркаси билан кутиб олинди, дея хабар бермоқда Uzbekistan airports матбуот хизмати.

Мунтазам рейслар ҳафтада бир марта — пайшанба кунлари амалга оширилиши режалаштирилган. Парвозларнинг очилиши Ўзбекистон ва Эрон раҳбарияти ўртасида — сентябрь ойида Эрон ислом республикаси президенти Иброҳим Раисийнинг мамлакатга расмий ташрифи чоғида эришилган келишувлар самараси ҳисобланади.

Хусусан, ташриф давомида Эрон ва Ўзбекистон ўртасида, бир қатор виза тартиб-таомилларини соддалаштириш ва сайёҳлик оқимини кучайтиришга қаратилган, туризм соҳасида ҳамкорлик дастури қабул қилинди.

Маълумот ўрнида, Qeshm Air — штаб-квартираси Теҳронда жойлашган, 1993 йилда ташкил этилган Эрон авиакомпанияси бўлиб, маҳаллий ва халқаро йўловчи рейсларини, шунингдек, чартер рейсларини амалга оширади.