«Kun.uz» нашри Мирзо Улуғбек туманидаги Алпомиш маҳалласи ҳудудида жойлашган, маҳаллий аҳоли тилида «Тоҳир» номи билан аталадиган боғ ўрнида офис бинолари қурилаётгани ҳақида хабар қилди. Нашрга маҳаллий аҳолининг билдиришича, 2019 йилда Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг қарори билан боғнинг 40 сотих майдони «ABIS-AG» МЧЖга офис бинолари қуриш учун берилган.

«Аммо ҳоким қароридан на одамларнинг, на туман экология бўлимининг, на маҳалла раисининг хабари бўлган», — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, боғ ҳудудида 1 500 тупга яқин манзарали ва мевали дарахтлар бор. «Яшил макон» миллий ҳаракати доирасида ҳудуд аҳолиси томонидан юзлаб ниҳоллар ўтқазилган. 1,8 гектарни эгаллаган боғда болалар ва спорт майдончалари ҳам бор.

Тошкент шаҳри ҳокимлиги ушбу хабар юзасидан муносабат билдирди. Унда айтилишича, қайд этилган ҳудудда офис ва бошқа биноларнинг қурилишига рухсат берилмаган ҳамда лойиҳа ҳужжатлари тасдиқланмаган.

«Президентининг фармони билан давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторийнинг амал қилиши муддатсиз даврга узайтирилган бўлиб, шаҳар ҳокимлиги томонидан кўрсатилган ҳудуддаги дарахтларнинг кесилишига йўл қўйилмайди», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, Ер кодексининг 36-моддасида қишлоқ хўжалиги соҳасига тааллуқли бўлмаган эҳтиёжлар учун берилган ер участкасидан икки йил давомида фойдаланилмаса, унга эгалик қилиш ҳуқуқи ёҳуд ундан доимий ёки муддатли фойдаланиш ҳуқуқи бекор қилиниши белгиланган.

«Видеолавҳада тилга олинган Тошкент шаҳар ҳокимининг 2019 йил 12 февралдаги қарорининг „ерни тадбиркорга ажратиш“ қисми бир йил муқаддам ўз кучини йўқотган», — дейилади ҳокимлик хабарида.