Шавкат Мирзиёев ва Қасим-Жомарт Тоқаев тор ва кенгайтирилган доирада музокаралар ўтказди, дея хабар бермоқда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.

Учрашув аввалида Ўзбекистон раҳбари қозоғистонлик ҳамкасби ва кўп миллатли Қозоғистон халқини 16 декабрь куни нишонланган Мустақиллик куни билан самимий табриклади.

Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Ўзбекистоннинг энг яқин ва ишончли ҳамкори эканини таъкидлади. «Ўзбек ва қозоқ халқлари — нафақат яқин қўшни, балки муштарак тарихий мерос, маданий ва маънавий қадриятлар билан боғланган қардошлардир. Бу бизнинг бебаҳо бойлигимиз, биз уни қадрлаймиз ва қадрлашда давом этамиз. Бизнинг тақдиримиз бир, келажагимиз ҳам умумий, мен бунга ишонаман», — деди Шавкат Мирзиёев.

Сиёсий, савдо-иқтисодий, энергетика, қишлоқ хўжалиги, сув ва бошқа соҳалардаги муносабатларни тубдан кенгайтириш масалалари музокараларнинг асосий мавзуси бўлди.

Давлат раҳбарлари қарийб 5 миллиард долларга етган ўзаро савдо ҳажми жадал ортиб бораётганини мамнуният билан қайд этдилар. Йирик кооперация лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилмоқда.

Минтақавий ва халқаро кун тартиби юзасидан фикр алмашилди, Марказий Осиёнинг барқарор тараққиётини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди. Кўп томонлама тузилмалар доирасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни бундан буён ҳам давом эттиришга интилиш қатъий экани таъкидланди.

ўзбекистон - қозоғистон, шавкат мирзиёев, қасим-жомарт тоқаев

Шавкат Мирзиёев кенгайтирилган таркибдаги учрашувда кўп қиррали ва ўзаро манфаатли Ўзбекистон-Қозоғистон ҳамкорлигининг барча йўналишларида салмоқли натижаларга эришилаётганини таъкидлади.

«Халқларимиз тарихи ва тақдири чамбарчас боғлиқ, биз эту тирноқ бўлиб кетганмиз, долзарб масалаларни биргаликда ҳал қилаяпмиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон президенти шу кунларда бутун Ўзбекистон бўйлаб қозоқ халқининг буюк фарзанди, шоир ва мутафаккир Абай Қўнонбоевнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган тадбирлар ўтаётганини мамнуният билан қайд этди.

«Бугун иккита тарихий ҳужжатни имзолаймиз. Қардош халқларимизнинг туб манфаатларига жавоб берадиган ҳамда Ўзбекистон-Қозоғистон муносабатлари тарихида янги босқич бошлайдиган Иттифоқчилик тўғрисидаги шартномани алоҳида қайд этмоқчиман. Иттифоқчилик — давлатлараро ҳамкорликнинг энг юқори даражаси, ўзаро ишонч белгиси. Шу билан умумий келажагимизни биргаликда қуришга интилишимизни тасдиқлаяпмиз».

«Давлат чегараларини демаркация қилиш тўғрисидаги шартнома алоқаларимиз мустаҳкамлигидан далолат беради, минтақада тинчлик ва хавфсизлик мақсадларига хизмат қилади. Чегараларимиз доимо дўстлик ва яхши қўшничилик ҳудуди бўлган ва шундай бўлиб қолади», — деди Шавкат Мирзиёев.

ўзбекистон - қозоғистон, шавкат мирзиёев, қасим-жомарт тоқаев

Қозоғистон Президенти икки томонлама муносабатларнинг бугунги юксак даражасини мамнуният билан қайд этди. «Муштарак тарихга, халқларимизнинг қардошлик ришталарига таяниб, Қозоғистон ва Ўзбекистон мустаҳкам, уйғун муносабатларни йўлга қўйдилар», — деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Шавкат Мирзиёевга бунёдкорона сиёсати ва Қозоғистон-Ўзбекистон муносабатларини мустаҳкамлашга қўшаётган улкан ҳиссаси учун миннатдорлик билдирди. Давлат раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларни қўллаб-қувватлашини таъкидлаб, ушбу ислоҳот Ўзбекистон тараққиёти учун мустаҳкам пойдевор бўлишига ишонч билдирди.

Ҳамкорликни кенгайтириш йўналишлари

Томонлар ҳамкорликнинг ўзаги иқтисодиёт экани, икки мамлакатнинг улкан салоҳиятидан фойдаланишга эътиборни кучайтириш лозимлиги таъкидланди. Хусусан, охирги беш йилда ўзаро савдо ҳажми икки баробардан зиёдга ортди, жорий йил якунида эса беш миллиард долларга яқинлашади. Талаб юқори бўлган маҳсулотларни ўзаро етказиб беришни кўпайтириш орқали яқин йилларда товар айирбошлашни каррасига ошириш мақсадида бош вазирлар ўринбосарлари бошчилигида ишчи гуруҳ тузиш ва қўшма ташқи савдо компаниясини ташкил этишга келишиб олинди.

Кооперация лойиҳаларини илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди. Бугун энергетика, автомобилсозлик, кимё, электротехника, қурилиш, логистика ва бошқа соҳаларда йирик лойиҳаларга старт берилиши мамнуният билан қайд этилди.

ўзбекистон - қозоғистон, шавкат мирзиёев, қасим-жомарт тоқаев

«Ҳозирда лойиҳаси ишлаб чиқилаётган Халқаро саноат кооперацияси маркази янги лойиҳаларни шакллантириш учун муҳим майдон бўлишига ишонаман», — деди Шавкат Мирзиёев.

Ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорликнинг улкан салоҳиятидан максимал даражада фойдаланиш зарурлиги таъкидланди. Жумладан, куни кеча ўтган бизнес форум янги инвестиция битимлари ва савдо шартномаларнинг салмоқли тўплами имзоланди.

Яна бир муҳим йўналиш — энергетика. Шавкат Мирзиёев энергетика қувватларини модернизация қилиш ва қуриш, геология қидируви ва табиий газни чуқур қайта ишлаш бўйича лойиҳаларни илгари суришга келишиб олди.

Транзит салоҳиятидан фойдаланиш ва уни ошириш ҳамкорликнинг муҳим соҳаларидан бири сифатида қайд этилди.

«Бугун биз юк ташишларнинг барқарор ўсишига эришдик, икки томонлама ва транзит ташишлар учун қулай шароитлар яратишга келишдик. Юк ташиш ҳажмини бир неча баробар ошириш мақсадида транспорт инфратузилмасини кенгайтиришга қаратилган лойиҳаларни тезлаштиришга аҳдлашиб олдик», — деди Шавкат Мирзиёев.

Президентлар парламентлараро мулоқотлар ва маданий-гуманитар алмашинувларни янада мустаҳкамлаш ва кенгайтириш муҳимлигини таъкидладилар.

«Олий даражадаги барча келишувлар ижросини мониторинг қилиш учун Парламентлараро кенгаш имкониятларидан фойдаланиш зарур», — деди Ўзбекистон раҳбари.

Музокаралар якунида икки давлат ҳукуматларига эришилган барча келишувлар ижросини қатъий назоратга олиш ва тегишли «йўл харитаси»ни келишиш топширилди.