Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов бир қанча ҳудудларда аҳоли билан учрашувлари давомида кам таъминланган хонадонларни қуёш панеллари билан таъминлаш таклифини билдирди, дея хабар бермоқда ҳокимлик матбуот хизмати.

Қайд этилишича, кам таъминланган хонадонларга туҳфа ёки ёрдам сифатида телевизор, музлатгич ёки иситгич каби маиший техникалар топшириш уларнинг электр учун харажатини кўпайтирмоқда. Моддий ёрдам сўраб мурожаат қилаётган фуқаролар ҳам аксар ҳолларда электрдан қарздорлик сабаб ёрдам сўрамоқда.

«Хонадонларни йўқлаб борганда ёки байрам кунларида инсонларга телевизор ёки бошқа техникалар совға қилганда кўра, қуёш панели топширсак ва ўрнатиб ҳам берсак, уларнинг оиласига ҳар томонлама кўпроқ фойда бўлар экан», — деди Шуҳрат Абдураҳмонов.

Унинг сўзларига кўра, панеллар президент номидан топширилади ва хонадонларга ўрнатиб ҳам берилади.

«Бу орқали ўша хонадоннинг электр энергияси барқарорлашади, харажати камаяди, тўловдаги етишмовчиликлар ортда қолади, хонадонни иситиш осонлашади ва оиланинг ҳозирдаги асосий муаммоларидан бир нечтаси ечим сари юзланади», — дейилади хабарда.