4 апрель санасидан буён ҳудудий йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармалари томонидан 91,1 млрд сўмлик 203 357 та жарима қўллаш тўғрисидаги қарорлар белгиланган 3 ойлик муддатда мажбурий ижро бюроларига юборилмасдан қолган.

Бу ҳақда ноябрь охирида Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасида ўтказилган йиғилишда Бош прокуратура бошқарма катта прокурори Камолиддин Ялгашев маълум қилди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Унинг қайд этишича, Бош прокуратура томонидан Ҳисоб палатаси билан ҳамкорликда президентнинг 2022 йил 4 апрелдаги [ПҚ-190-сон] қарори ижроси ўрганилган. Натижада, қатор қонун бузилиш ҳолатлари аниқланган.

«Хусусан, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича бош вазир томонидан тасдиқланиб, ҳудудларга ижро учун юборилган «йўл харита»ларида белгиланган чора-тадбирларни бажариш учун талаб қилинадиган маблағ миқдори аниқ ҳисоб-китоб қилинмаган ва молиялаштириш манбалари аниқланмаган. Оқибатда «йўл ҳарита»ларидаги тадбирларнинг жами 41 тасини ижро муддати ўтган бўлса-да, бажариш чоралари кўрилмаган», — деди у.

Камолиддин Ялгашевнинг сўзларига кўра, Мажбурий ижро бюролари томонидан 27,6 млрд сўмлик 62 мингта жаримани қўллаш тўғрисидаги қарорлар асоссиз равишда ЙХҲБ органларига қайтарилган.