«Ўзгидромет» марказининг хабар беришича, Ўзбекистонда дам олиш кунлари илиқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда.

Маълум қилинишича, декабрь ойининг бошидаги совуқ антитциклон мамлакатни тарк этиб, республикага илиқ ҳаво массалари кириб келди, ҳаво ҳарорати кескин кўтарилиб, қор бутунлай эриб кетди.

16 декабрь, жума куни мамлакат бўйлаб қуёшли ва илиқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда.

Шу куни Тошкент вилоятида баъзи жойларда шамол 15−20 м/с гача кучаяди. Кундузи ҳаво +9…+14 даражагача, баъзи жойларда +16…+18 даражагача исийди, бу ўртача кўп йиллик қийматлардан 4−5 даража юқоридир.

Дам олиш кунлари Ўзбекистон бўйича ёғингарчилик кутилмайди, аммо ҳарорат фони бироз пасаяди. Шанба куни ҳаво ҳарорати кечалари −3…+2 даражани, кундузи +7…+12 даражани ташкил этади. Якшанба куни эса ҳарорат +5…+10 даражани ташкил этади ва ушбу кунларнинг меъёрий қийматларига яқин бўлади.

Республика бўйича баъзи жойларга туман тушиши кутилмоқда.