Тошкент шаҳрида фуқаро холасининг ўғлини пичоқлаб ўлдириб қўйди. Бу ҳақда «Миллар» дастурига таяниб Олий суд матбуот хизмати хабар қилди.

2022 йил 7 август куни соат тахминан 22:00 ларда Чилонзор тумани Домбрaобод МФЙда жойлашган болалар майдончасида 1999 йилда туғилган айбланувчи ва унинг 1993 йилда туғилган холаваччаси бир бири билан оғзаки тортишиб кетиб, жанжаллашади. Оқибатда судланувчи ўзи билан олиб келинган пичоқни жабрланувчи танасининг бир неча қисмига тиқиб олади.

Суд тиббий экспертизасининг хулосасига кўра, жабрланувчи оғир даражадаги жароҳати олгани сабабли вафот этгани аниқланди.

«7 август куни холамнинг ўғли билан телефонда сўкишиб кетдик. Бир жойга бориб ўтирганимизда менга қўл кўтарганларида йиқилиб, чўнтакдаги пичоқни тиқиб олдим. Биринчиси кирмади деб яна икки марта тиқдим. Уни шифохонага олиб кетишди, мен воқеа жойидан кетдим. Агар урсалар, қўрқитаман деган мақсадда пичоқ олган эдим. Биз жуда яқин, бир-биримизни яхши кўрганмиз», — дейди айбланувчи.

Суд ҳукмига кўра, судланувчи Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (қасддан одам ўлдириш) билан айбли деб топилиб, 11 йилга озодликдан маҳрум этилди.