Сурхондарё вилоятининг прокуратураси матбуот хизматининг хабар беришича, вилоятнинг тўртта туманидаги электр таъминоти корхонаси бошлиғи ва мансабдорларига жиноят иши қўзғатилди.

Хусусан, Музработ туман электр таъминоти корхонаси бошлиғи А. Қ. ва бошқалар хизмат вазифаларини лозим даражада бажармасдан юридик шахснинг электр энергиясидан қарийб 264 млн сўмлик тўлов муддати ўтган дебиторлик қарздорлиги мавжуд бўлсада, истеъмолчиларни электр энергия тармоғидан узмаган.

Шунингдек, сув таъминот бўлими муҳандис энергетиги Б. К. сув насослари ҳамда электродвигателларни электр ҳисоблагичдан ташқари тўғридан-тўғри электр тармоғига улаб фойдаланиб келинаётганлиги оқибатида «Сурхондарё ҳудудий электр тармоқлари» корхонаси манфаатларига 129,7 млн сўм зарар етказилган.

Мазкур ҳолат юзасидан департаментнинг Музработ туман бўлими томонидан Жиноят кодексининг 205-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисми «а» банди, 185−2-моддаси (Қимматбаҳо металлар ёки тошларни топшириш қоидаларини бузиш) ва 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, Қизириқ тумани электр таъминоти корхонасининг энергия сотиш бўйича бошлиқ ўринбосари Х. Ж. «Евроазия шифер» МЧЖга қарашли ғишт ишлаб чиқариш заводида электр тармоқларидан ноқонуний фойдаланиши оқибатида жами 474,8 млн сўмлик кўп миқдорда зарар етказилгани маълум бўлди.

Бошлиқ ўринбосари 1 декабрь ҳолатига кўра, 3,02 млрд сўмлик қарздорлиги мавжуд бўлсада, электр энергияси тармоғидан узмасдан жамият ва давлат манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказилишига сабабчи бўлган.

Шунга ўхшаш ҳолат, Шеробод туманида ҳам аниқланди. Маълум бўлишича, ЭТК бошлиғи Қ. К. мансаб ваколатидан фойдаланиб, тумандаги 208 нафар юридик ва жисмоний шахслар томонидан электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларини бузганлиги ҳолати юзасидан расмийлаштирилган 487 млн сўмлик далолатномалар тегишли тартибда қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этмаган.

Узун тумани ЭТК бошлиғи Ғ. А. ва бошқаларга нисбатан мансаб ваколатидан қасддан фойдаланиб, «Искандар Турдиалиев», «Нурафшон», «Агро омад» фермер хўжаликлари электр тармоқларидан ноқонуний фойдаланиши оқибатида жами 141 млн сўмга яқин миқдорда зарар етказилгани аниқлаган бўлсада, етказилган моддий зарарни ўрнини қоплаш чораларини кўрмаган.

Декабрь ойининг бошидаги ҳолат бўйича 2,6 млрд сўмлик қарздорлиги мавжуд бўлсада, электр энергияси тармоғидан узмагани маълум бўлди.

Юқоридаги ҳар учала ҳолат юзасидан 12 декабрда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг вилоят бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 205-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Куни кеча Шавкат Мирзиёев видеоселекторда аҳолини қийнаётган энергия таъминоти масаласига тўхталиб, электр ва табиий газ тармоқларига ноқонуний уланишлар, ўғирликлар давом этаётганини танқид қилганди. Қатор мутасаддиларнинг «қишга тайёргарликни барбод қилгани, шунча қилаётган ислоҳотларни обрўсизлантирганини» таъкидлаганди.

Шу билан бирга, президент сўнгги йилларда йўл қўйилган хато ва камчиликлар учун бош вазир биринчи ўринбосари Ачилбай Раматовга ва электр энергия соҳасидаги корхона раҳбарларига ҳайфсан берганди. Мамлакатда энергия таъминоти «қўл бошқаруви» орқали эмас, тизим асосида ишлаши кераклигини маълум қилганди.