Бош прокуратура матбуот хизмати «Ўзбекистон 24» телеканалининг «Вазият 24» кўрсатувида Бош прокуратура ходими ҳужжатларсиз автомашина бошқариб келгани ҳақида берилган лавҳа юзасидан муносабат билдирди.

Лавҳада 13 декабрь куни Чилонзор тумани КХАЙ — Фозилтепа чорраҳасида Spark транспорт воситаси Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ инспекторлари томонидан тўхтатилиб, ҳайдовчидан ҳужжатлар тақдим қилиниши сўралгани, у эса ўзини Бош прокуратуранинг ходими сифатида таништиргани кўрсатилган. Гувоҳномани кўрсатган вақтида ҳужжат холислар иштирокида тегишли тартибда расмийлаштириб олиб қўйилгани акс эттирилган.

Мазкур ҳолат Бош прокуратура томонидан ўрганилганида, ҳайдовчи прокуратура органлари тизимида хизмат қилмаcлиги ва у томонидан тақдим қилинган гувоҳнома қалбаки эканлиги аниқланган.

Ҳолат бўйича Чилонзор тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 228-моддаси 2-қисми «б» банди ва 3-қисми (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатларига киришилган.

бош прокуратура, прокурор, ўзбекистон 24

БП лавҳани тайёрлаш ва маълумотлар тақдим қилишга масъул бўлган матбуот хизмати ҳолатга тўлиқ ойдинлик киритилмасдан, бирёқлама ва нохолис таассурот ва тушунчаларга сабаб бўладиган маълумот тақдим қилганини таъкидламоқда.

«Бу каби нохолис маълумотлар прокуратура органлари шаънига путур етказади ҳамда жамоатчиликда салбий фикрлар юзага келтиради. Шу боис, оммавий ахборот воситаларига тақдим қилинадиган маълумотларни ҳаққонийлигини текшириб, сўнгра тақдим қилиш мақсадга мувофиқ», — дейилади хабарда.