Ўзбекистонда интернет фойдаланувчилари сони 31 млндан ошди, деди чоршанба куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Ҳукумат соати» доирасида сўзлаган ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов.

Унинг сўзларига кўра, интернет фойдаланувчиларининг катта қисми — 29,5 млндан ортиғи (мамлакатнинг доимий аҳолиси сони 36 млндан ортиқ) тармоққа мобил телефонлар орқали киришади.

Халқаро интернет-каналга уланиш тезлиги сўнгги икки йилда 2,6 бараварга ошиб, 3200 Гбит/с га етди.

Ҳудудлараро магистраль телекоммуникация тармоқларининг қуввати 600 Гбит/с, туманлараро — 60 Гбит/с га етди, деди вазир.

Қолаверса, 2021−2022 йилларда 102 минг кв.м оптик толали алоқа линиялари тортилиб, уларнинг умумий узунлиги 170 минг километрга етди.

Шу даврда 1,7 млнга яқин кенг полосали [юқори тезликдаги] портлар ўрнатилиб, 4,4 млн аҳоли хонадонлари, тадбиркорлик субъектлари ва ижтимоий соҳа объектларини кенг полосали интернет тармоғига улаш имконияти яратилди.

Шунингдек, сўнгги икки йилда 22 300 та қўшимча таянч станциялари ўрнатилиб уларнинг умумий сони 54 мингтани ташкил этмоқда.

Республика бўйича мобил алоқа қамрови даражаси 99 фоизга, кенг полосали мобил интернет қамрови 98 фоизга етказилди.