Uzbekistan Airways авиакомпаниясини ислоҳ қилишга туркиялик мутахассис, Turkish Airlines`га 2015−2022 йилларда раислик қилган Илкер Айжи бошчилигидаги жамоа жалб қилинди.

14 декабрь куни у Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга Uzbekistan Airways трансформацияси бўйича таклифларни тақдим этди, дея хабар бермоқда давлат раҳбари матбуот хизмати.

Илкер Айжи Turkish Airlines авиакомпаниясини бошқарган кезда уни минтақавий даражадан глобал миқёсга муваффақиятли олиб чиққан, дейилади хабарда.

«Бугун Uzbekistan airways олдига ҳам шундай вазифа қўйилган. Мамлакатимизнинг географик жойлашуви ва соҳа инфратузилмасидан оқилона фойдаланиб, уни халқаро транспорт хабига айлантириш кўзда тутилган», — дейилади хабарда.

Тақдимотда давлат раҳбарига «Ўзбекистон ҳаво йўллари»ни трансформация қилиш ва ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган стратегия ҳақида ахборот берилди.

uzbekistan airways, илкер айжиУнга мувофиқ, авиакомпанияга халқаро тажриба асосида корпоратив бошқарув тизимини жорий этиш, ҳаво кемаларини кўпайтириш, хизматлар сифатини ошириш ва юк ташиш тармоғини кенгайтириш чоралари кўрилади. Хорижий инвесторларни жалб этган ҳолда авиакомпанияни жаҳон стандартлари асосида хусусийлаштириш ишлари якунига етказилади.

Булардан кўзланган асосий мақсад «Ўзбекистон ҳаво йўллари»ни етакчи минтақавий авиакомпанияга айлантириш, шунингдек, аҳолининг маҳаллий ва халқаро йўналишларда арзон нархларда ҳаракатланишини таъминлашдан иборатдир.

Президент бу режаларни маъқуллаб, унинг ижросига тезроқ киришиш кераклигини таъкидлади.

«Бу соҳада ўн йилга кечикканмиз. Авиакомпания эскича услубда ишлаяпти, йўловчилар хизмат сифатидан рози эмас. Агар иқтисодиётимизни, туризмни ривожлантирамиз десак, яккаю ягона йўлимиз шу», — деди Шавкат Мирзиёев.

Авиакомпанияда лойиҳа офиси тузиб, транформация жараёнини мувофиқлаштириб бориш бўйича тавсиялар берилди.