Қашқадарё ҳокими Муротжон Азимов танқидларга жавоб қайтарувчи блогерлар жамоасини тузишни таклиф қилган талабани ҳокимликка ишга олинишини маълум қилди. У бу ҳақда 13 декабрь куни Қарши давлат университети талабалари билан бўлган учрашувда айтиб ўтди.

Талаба қиз Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг вилоят бошқармаси ҳузурида ҳар бир туманда ОТМларнинг кўнгилли ёшларидан ташкил топган ёш блогерлар жамоасини тузиш ва уларни керакли техник жиҳозлар билан таъминлаш, мунтазам ўқув-семинарларини ташкил этиш такфлини берган.

«Бундан кўзланган асосий мақсад нима? Юртимизда, айниқса, Қашқадарё вилоятида олиб борилаётган ижобий ўзгаришларни кенг оммага тарғиб қилиш бўлади. Айрим блогерлар томонидан танқидий масалаларга баъзи ҳолатларда нотўғри ёндашаётгани вилоятимизнинг баъзи жойларида, ўзиз айтганингиздек, бизни хафа қиладиган даражага етказяпти», — деди талаба қиз.

Қизнинг сўзларига кўра, жамоа «100 та оқ нарсани кўрсатмасдан, битта қора нарсани кўрсатаётганлар» учун ижобий жавоб қайтариб туради. Муротжон Азимов ушбу таклифни берган талаба қизни вилоят ҳокимлигига ишга олишини айтди.