Ички ишлар вазирлигининг узоқ муддатга кетган шахслар расмий баъзасидан олинган маълумотларга кўра, 2022 йилнинг январь-ноябрь ойида Россиядан 317 мингдан зиёд ўзбек меҳнат муҳожирлари Ўзбекистонга қайтиб келган. Бу ҳақда 13 декабрь куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида Ташқи меҳнат миграцияси вакиллари маълум қилинди.

Тадбирда «Газета.uz» мухбири мутасаддиларга Россия ва Украина можараси ортидан бу давлатлардан ўзбекистонлик фуқароларнинг қанчаси Ватанга қайтгани бўйича савол берди.

Агентлик бошқарма бошлиғи Баҳром Абдувалиевнинг сўзларига кўра, 2022 йил бошида Украинадан 6 мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқаролари Ватанга қайтарилган.

«Йил бошида Украинадаги ватандошларимизни Ўзбекистонга қайтариш бўйича ҳукумат даражасида дастур қабул қилинди. Дастур доирасида узоқ муддатдан бери Украинада яшаб келаётган мигрантларимиз, яъни 6 мингдан ортиқ фуқароларимиз олиб келинди. Улар юртимизга қайтгач, ички меҳнат бозорида бандлигини таъминлаш борасида дастурлар асосида ишлар олиб борилди. Олий таълим вазирлиги ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда дастурда белгиланган барча вазифалар ижроси бажарилди», — деди у.

Унинг қайд этишича, 2021 йилнинг 11 ойида хориждан 502 минг меҳнат мигрантлари Ўзбекистонга қайтган бўлса, бу кўрсаткич жорий йил 508 минг нафарни ташкил қилган.

«2022 йили чет элдан қайтган мигрантларнинг салмоқли қисми Россия Федерациясидан қайтганлардан иборат. Аммо меҳнат мигрантларимизнинг Россиядан қайтиши аввалги йилларга нисбатан деярли ўзгармаган. Таҳлилларга кўра, ўтган йилнинг 11 ойида 300 мингга яқин фуқароларимиз Россиядан қайтган. Жорий йилда эса 317 мингдан зиёд мигрантларимиз қайтиб келди. Бу рақамлар ИИВнинг узоқ муддатга кетган шахслар расмий баъзасидан олинган», — деди агентлик вакили.

Баҳром Абдувалиевнинг таъкидлашича, жорий йилда Россиянинг айрим ҳудудларида қурилиш йўналишида ўзбек мигрантларига талаб ортган.

«Фуқароларимизнинг ишлаш учун хорижга кетиши қандай табиий бўлса, уларнинг қайтиши ҳам табиий ҳол ҳисобаланади. Ҳар йили ўртача 500−700 минг мигрантлар қайтиб келади. Мавсумий ҳарактерга эга бўлган мигрнатларимиз кейинги йил бошида яна қайтиб кетади. Бу бўйича статистикани ойма-ой юритиб борамиз», — деди у.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бошқарма бошлиғи Зоҳид Асқаровнинг қўшимча қилишича, фуқароларнинг хорижга кетиши ва қайтиши вақтинча ҳисобланади. «Қишни Ўзбекистонда ўтказиб, яна баҳорда қайтиб кетишади. Бу доимий равишда кузатиладиган ҳолат», — деди вазирлик расмийси.