Андижон шаҳрида 6 мингта хонадоннинг бир ойлик истеъмолига тенг миқдордаги электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланди, дея хабар қилмоқда Энергетика вазирлиги.

Истеъмолчилар томонидан электр тармоқларига ноқонуний уланиш, электр энергиясини талон-торож қилиш ҳолатларини аниқлаш ва уларга нисбатан тегишли чоралар кўриш юзасидан «Ўзенергоинспекция» томонидан жойларда назорат тадбирлари ўтказилмоқда.

Хусусан, Андижон шаҳар, Эски Ўш кўчасида фаолият юритиб келаётган «Ф.Х.С» МЧЖга қарашли сут маҳсулотларини қайта ишлаш корхонасининг иккинчи электр узатиш линиясидаги электр ўлчов приборлари дастурга киритилмасдан ноқонуний фойдаланиб келаётгани аниқланиб, ҳисобга олинмаган электр энергияси бўйича 684,17 млн сўм қайта-ҳисоб амалга оширилди.

Ушбу ҳажмдаги электр энергияси ҳозирги кунда 6 мингта хонадоннинг бир ойлик истеъмолига тенг миқдорни ташкил қилади.

Ўтказилган ўрганишлар натижасида электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган истеъмолчининг электр қурилмалари тармоқдан ажратилди. Аниқланган ҳолат бўйича тегишли чоралар қўллаш учун ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.

Электр энергиясидан ноқоқнуний фойдаланиш ҳолатлари бўйича ўрганишлар давом этмоқда.