Ўзбекистонда 9 декабрь ҳолатига доимий аҳоли сони 36 миллиондан ошди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси хабар қилди.

Эркаклар сони 18,1 миллион, аёллар сони эса 17,9 миллионни ташкил этмоқда.

Йилнинг биринчи уч чораги якунларига кўра (1 октябрь ҳолатига) доимий аҳоли сони 35,821 миллион кишини (эркаклар — 18,024, аёллар — 17,796 миллион киши) ташкил этиб, йил бошидан буён 549,7 минг кишига ёки 1,6 фоизга ўсган эди.

2022 йил бошида доимий аҳоли сони 35,271 миллион кишини ташкил этганди (шу жумладан эркаклар — 17,744 миллион, аёллар — 17,527 миллион).

2021 йилда Ўзбекистонда доимий аҳоли сони 712,4 минг кишига ёки 2,1 фоизга кўпайди.

Доимий аҳоли, бу — аҳолини рўйхатга олиш вақтида маълум бир аҳоли пункти ёки ҳудудда доимий яшовчи, шу жумладан вақтинча йўқ бўлган аҳоли.

Аҳоли сони бўйича Ўзбекистон дунёда 41-ўринни эгаллади, дея қўшимча қилди Давлат статистика қўмитаси.