Самарқандда ИИБ ходими, катта лейтенант Ражабов аёл кишини прокуратура биносидан куч билан чиқараётган вақтида фуқарони қасддан айбдор қилишга уриниб, ўзининг хизмат формасидаги погонини ўзи юлиб ташлаганди.

ИИВ ўзининг ходими погонини ўз қўли билан юлиб ташлаганини тан олиб турган бир вақтда, Бош прокуратура «Газета.uz»га тақдим қилган маълумотида Ражабов ва бошқаларнинг ҳаракатларида жиноят аломатлари аниқланмаганини маълум қилди.

Воқеа қандай содир бўлганди?

Воқеа 2021 йил 15 июль куни Қўшработ тумани прокуратураси биносида содир бўлган. Жиноят иши доирасида айбланувчи Шосимов мажбурий тартибда туман прокуратураси биносига олиб келинган.

«Шу куни айбланувчининг синглиси ва қизи прокуратурага келишиб, прокуратура ходимларини ҳақорат қилишган. Шу сабабли воқеа жойига Қўшработ тумани ИИБ ходимлари чақиртирилган», — деганди ИИВ департаменти бош инспектори Наврўз Набиев.

Унинг сўзларига кўра, профилактика инспектори, катта лейтенант Ражабов, лейтенант Бобоқулов ҳамда лейтенант Шарипов прокуратурага етиб келганида аёллар ички ишлар ходимларининг қонуний талабларини бажармасдан уларни ҳақорат қилган, Ражабовга тегишли бўлган автомобилнинг ойналарини синдириб, эшикларини пачақлаган.

«Эзгулик» жамияти томонидан воқеа вақтида суратга олинган видео эълон қилинганди. Унда ходим кимгадир видео ол, погонимни юлди деганини эшитиш мумкин, бироқ видеода мазкур ҳолатда унинг икки погони ҳам жойида турибди. Фақат шундан кейингина ходим аёлнинг чап қўлини ўзининг ўнг қўли остидан ўтказган ҳолда, чап қўли билан қаттиқ ушлаб тургани ва Раджабов чап қўли билан ўнг елкасидаги погонини шаҳд билан юлиб ташлайди. Ва видеога қарата ана юлиб ташлади дея бақиради.

Эътиборли жиҳати, ИИВ вакили мазкур ҳолатда ИИБ ходими ўзининг погонини ўзи юлиб ташлаганини тан олганди.

«Интернетда тарқалган видеода катта лейтенант Ражабов фуқаро Шосимованинг қўлидан ушлаб прокуратура биносидан олиб чиқиш жараёнида ўзининг эгнида бўлган сипоҳли кийимидаги погонини юлиб олганлиги тасвирланган. Бу бўйича Самарқанд вилоят ИИБ ҲПБ томонидан хизмат текшируви ўтказилган, унинг натижаси бўйича қарор қабул қилинган. Қарорга асосан ички ишлар ходимининг хатти-ҳаракатига қонуний баҳо бериш учун ҳужжатлар прокуратура органига юборилган», — дея қўшимча қилди Наврўз Набиев.

Унинг қайд этишича, погонини юлиб, аёлни айблаган ички ишлар ходими ҳозирги кунда хизмат фаолиятини давом эттирмоқда. «Ходимнинг ҳатти-ҳаракатларига нисбатан қандай ҳуқуқий баҳо берилгани бўйича маълумотни мазкур ҳолатни тергов қилган прокуратура органидан сўраш мумкин», — деди ИИВ департаменти бош инспектори.

Кимга чора кўрилди?

Ҳолат бўйича қўзғатилган жиноят иши якунида суд аёлни профилактика инспектори Ф.Раджабовнинг хизмат кийимидан погонини йиртиб ташлаган деган хулосага келган.

«Газета.uz» сўрови билан Бош прокуратура тақдим этган маълумотларга кўра, Иштихон туман прокуратураси томонидан Ж.Шосимова ва бошқаларга нисбатан қўзғатилган жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилган.

Иш юзасидан Ж.Шосимовага нисбатан ЖКнинг 140-моддаси 3-қисми «а» банди ва 219-моддаси 1-қисми билан айб эълон қилиниб, «тилхат» эҳтиёт чораси танланиб, жиноят иши ЖПКнинг 388-моддаси тартибида МИБ Иштихон судига юборилган.

ЖИБ Иштихон туман судининг 04.03.2022 йилги ҳукми билан Ж.Шосимова 140-моддаси 3-қисми «а» банди (жабрланувчини ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан боғлиқ ҳолда ҳақорат қилиш) ва 219-моддаси 1-қисми (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) билан айбли деб топилиб, унга нисбатан 1 йил 6 ой озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

«Тергов ҳаракатлари давомида туман ИИБ ходимларининг ҳаракатларида жиноят аломатлари аниқланмаган», — дейилади Бош прокуратура тақдим этган маълумотда.

Жавобсиз қолган саволлар

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти мазкур ҳолатга бирор орган тўлиқ ҳуқуқий баҳо бермади дея таъкидлаган.

«Прокуратура тергов органлари ҳам, жиноят ишлари бўйича судлар ҳам жиноят ишининг барча ҳолатларига тўлиқ ҳуқуқий баҳо бермади, шунингдек ишда мавжуд бўлган ашёвий далилларни очиқдан-очиқ эътиборсиз қолдирди. Хусусан, ҳеч қандай ускунасиз икки аёл қандай қилиб туман прокуратурасининг қўриқланадиган биносига мустақил равишда кира олгани баҳоланмаган», — дейилади хабарда.

Қолаверса, жамият маълумотига кўра, қуйидаги саволларга жавоб берилмаган: Прокуратура биносини қўриқлаш ва унда жамоат тартибини сақлаш вазифаси бўлган Миллий гвардия ходимлари воқеа юз берган вақтда қаерда бўлган? Терговчи А.Хакбердиев нимага эшик олдида Миллий Гвардия ходимлари турганида жамоат тартибини сақлашга ички ишлар бўлими ходимларини чақирган?

«Бундан ташқари, ишга оид материаллардаги видео ёзувларида ишчи ишлар ходими профилактика инспектори Ф.Раджабов шахсан ўзи погонини юлиб олиб, бунда аёлни айблаётгани аниқ-тиниқ кўриниб турибди. Видеода ўша вақтда аёлнинг чап қўли сумкасини ушлаб турганини, ўнг қўлини эса ички ишлар ходими ушлаб турганини кўриш мумкин», — дейилади «Эзгулик» жамияти хабарида.

Ушбу ҳолатларни инобатга олган ҳолда «Эзгулик» жамияти — биринчи ва апелляция инстанциялари судьяларининг ҳукми адолатсизлиги, судьяларнинг хатти-ҳаракатларида эса ЖКнинг 231-моддасида (Адолатсиз ҳукм, ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарор чиқариш) назарда тутилганидек, айбсиз шахсни қонунга хилоф равишда жавобгарликка тортиш аломатлари мавжуд деган хулосага келган.

Бундан ташқари, профилактика инспектори Ф.Раджабовнинг хатти-ҳаракатларида ЖКнинг 237-моддаси (Ёлғон хабар бериш) ва 238-моддасида (Ёлғон гувоҳлик бериш) назарда тутилган жиноятлар аломатлари бор. Ф.Раджабов ўзига тегишли хизмат формасидаги, ўз раҳбарияти томонидан берилган погонини юлиб ташлаш орқали фуқаролик бурчини шараф билан бажарган ва бажаришда давом этаётган ички ишлар ходимларининг қадр-қимматини ҳақорат қилди, деб ҳисоблайди жамият.

2022 йилнинг май ойидаёқ «Эзгулик» жамияти Омбудсман ҳамда Оила ва хотин-қизлар қўмитасидан ушбу вазиятга эътибор қаратишни ҳамда аслида жабрланувчи ҳисобланган аёлнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни сўраган. Бироқ ҳозирга қадар ушбу ташкилотларнинг бирортасидан жавоб бўлмади.

Ўшанда «Эзгулик» жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов ўзининг Facebook`даги саҳифасида Самарқанддаги бундай ҳодисаларда айбланган ходимларнинг муносиб жазо олишига ишонмаслигини қайд этган. «Чунки асл вазиятни ҳамма кўриб турибди. Бундай юзсизликка кўникиб ҳам қолдик», — деганди у.

Юқоридаги ҳолат юзасидан «Газета.uz» Олий суд ва Судьялар олий кенгашига сўров юборди.