ЖЧ-2022`нинг нимчорак финалида Япония — Хорватия ҳамда Бразилия — Корея Республикаси терма жамоалари ўзаро баҳс олиб боришди. Япония — Хорватия ўйинида асосий вақтда ҳамда қўшимча бўлимларда 1:1 ҳисобида дуранг қайд этилди ва жамоалар ғолибни пеналтилар серияси орқали аниқлайдиган бўлишди. «Лотореялар ўйинида» 1:3 ҳисобида хорватияликларнинг қўли баланд келди. Бразилия — Корея Республикаси учрашувида эса бразилияликлар йирик ҳисобда ғалабага эришишди — 4:1.

Япония — Хорватия 1:1 (пеналтилар сериясида 1:3)

Япония терма жамоаси гуруҳ босқичида Германия ҳамда Испания терма жамоаларини мағлуб этиб, барчани ҳайрон қолдирган эди. Улар гуруҳда Испанияни ортда қолдириб 1-ўринни эгаллашганди. Шунинг учунми, кўпчилик ушбу учрашувда японияликлардан ғалаба кутган эди. Хорватия терма жамоаси эса гуруҳдан 2-ўринда чиққан эди: улар Канада устидан ғалаба қозониб, Марокаш ва Белгия билан дуранг қайд этишган.

Япония — Хорватия баҳси «Ал-Жануб» стадионида 42 523 нафар мухлис қаршисида бўлиб ўтди. Ўйинда жамоалар бир-бирининг дарвозаси 4 тадан аниқ зарба йўллашди. Японияликлар 1-бўлимни ғолиб сифатида якунлашган эди. Ўйиннинг 42-дақиқасида Маэда ҳисобни очди ва Японияни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Бу вазиятдан кейин ҳам Япония терма жамоаси ҳисобни 2:0 кўринишига келтиришга жуда яқин келганди. Аммо бироз омад етишмади.


Иккинчи бўлимда хорватияликлар анча фаоллашди. Ўйиннинг 55-дақиқасида Перишич ҳисобни тенглаштирди — 1:1.

Ўйиннинг қолган қисми шиддат билан ўтди, иккала жамоа ҳам жиддий ҳужумлар ташкил қилди. Айрим вазиятларда дарвозабонлар қаҳрамонлик кўрсатишди.

Асосий вақт 1:1 ҳисоби билан якунланди, қўшимча бўлимлар бошланди. Жамоалар яна ярим соатдан ортиқроқ тўп тепишади. Бироқ жамоалар учун бу вақт ичида бошқа гол кирита олишмади. Ўйин охирида Япония ҳам, Хорватия ҳам пеналтилар сериясига рози бўлгандек ҳаракат қилишди. Ва ғолиб «лотореялар ўйини» орқали аниқланадиган бўлди.

Пеналтилар сериясини японияликлар жуда оддий зарбалар билан бошлашди. Хорватия дарвозабони Ливакович уларнинг зарбаларини осонлик билан қайтаргандек кўринди. Хорватия терма жамоаси пеналтилар сериясида Японияни 1:3 ҳисобида мағлуб этди ва чорак финалга йўл олди. Пеналтилар сериясида мағлуб бўлиш ҳар доим ҳам жуда аламли. Нима бўлганда ҳам Япония терма жамоасига ёрқин ўйинлари учун раҳмат айтиб қоламиз.

Бразилия — Корея Республикаси 4:1

Бразилия терма жамоаси гуруҳ босқичида Сербия ва Швейцария устидан ғалаба қозонган ҳолда ва кутилмаганда Камерун терма жамоасига енгилиб, аммо гуруҳда пешқадам бўлганча, плей-оффга чиққан эди. Ҳа, Қатардаги ЖЧ`да ҳаттоки Бразилия ҳам гуруҳда 100%лик натижа қайд эта олмади. Корея Республикаси эса гуруҳдан 2-ўринда, Уругвай билан дуранг ўйнаб, Гана терма жамоасига мағлуб бўлиб, сўнгги турда кутилмаганда Португалиядан ғалабани илиб кетган ҳолда чиққан эди. Ушбу терма жамоа уругвайликларни гуруҳда қолдириб юборишди. Аммо кореяликлар «пентакампеон»ларга жиддий қаршилик кўрсата олишмади.

Бразилия — Корея Республикаси баҳси «Рас Абу Абуд», яъни «974» стадионида бўлиб ўтди ва ўйинни томоша қилиш учун стадионга 43 847 нафар мухлис ташриф буюришди. Ўйинда Бразилия терма жамоаси 16 та, Корея терма жамоаси эса 8 та зарба йўллади. Аммо аниқ зарбалар бўйича ҳисоб — 9:6. Баҳс давомида кореяликлар 5 марта ўйиндан ташқари ҳолатда қолиб кетишди, Бразилияда бундай ҳолатлар кузатилмади.

Ўйиннинг 7-дақиқасидаёқ бразилияликлар ҳисобни очишди. Гол муаллифи — Винисиус Жуниор. 11-дақиқада эса Корея Республикаси дарвозасига пеналти белгиланди. Пеналти зарбасини Неймар амалга оширди ва ҳисобни 2:0 кўринишига келтирди.


Голдан кейин кореяликлар ҳам ҳужумга ўтишди, дарвозабон Аллисон бразилияликларни голдан қутқариб қолди. 29-дақиқада бразилияликлар «жога бонито»ни эсга олишди ва чиройли ҳужум уюштирганча ҳисобни 3:0 кўринишига келтиришди. Ришарлисон бугун ҳам чиройли гол муаллифига айланмоқда.

36-дақиқада Пакета ҳисобни янада йириклаштирди — 4:0! Бразилияликлар биринчи бўлимнинг ўзидаёқ ҳисобни 5:0 ёки 6:0 кўринишига келтириши мумкин эди. Жамоалар 4:0 ҳисоби билан танаффусга чиқиб кетишди.

Иккинчи бўлим ҳам ёрқин вазиятларга бой бўлди. 76-дақиқада кореяликлар орадаги фарқни қисқартиришга муваффақ бўлишди. Голни Пайк Син Хо киритди — 4:1. Кореяликлар ўйинда биттагина гол киритишди, аммо гол қойилмақом тарзда, жарима зарбасидан ташқарида туриб зарба йўллаган ҳолда киритилди.

Ўйин 4:1 ҳисоби билан якунланди ва Бразилия терма жамоси енгиллик билан чорак финалга чиқмоқда. Чорак финалда Бразилия терма жамоаси осиёликларни енгган яна бир терма жамоа — Хорватия билан куч синашади. Ушбу баҳс 9 декабр соат 20:00 да бошланади.