Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати 3 декабрь куни журналист ва блоггерлар иштирокида пресс-тур уюштирди. Унда Оҳангарон туманида жойлашган «Чинор» йўл-патруль хизмати стационар постида жорий этилган яшил ва қизил йўлак тизими ҳақида ахборот берилди.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 8 июлдаги «Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасига замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 377-сон қарори талаблари асосида республика ҳудудида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш ва уларга барҳам беришни таъминлайдиган янги тартиби белгиланди.

Шунга кўра, 2022 йил 1 декабрдан бошлаб яшил ва қизил йўлак тамойили Тошкент вилояти Оҳангарон туманида жойлашган «Чинор» йўл-патруль хизмати стационар постида жорий этилди.

Ушбу тизимнинг ишлаш механизми қуйидагича: стационар постларидан 700 метр олдин жойлашган транспорт воситаларининг давлат рақам белгисини қайд этувчи ва махсус диодли экран жойлаштирилган бўлиб, ҳайдовчилар экранда қайд этилган маълумотга асосан яшил ёки қизил йўлак орқали ҳаракатланиши ҳақида ахборот олади.


Яшил йўлакдан қоидабузарлик ва ҳуқуқбузарлик содир этмаган транспорт воситалари ҳайдовчилари ҳеч қандай тўсиқсиз ва чекловларсиз ҳаракатланади. Қизил йўлакка қарздорлиги бор, юк автомобилида аниқланган ортиқча юкли, суғурта полиси муддати тугаган ва бошқа камчиликлари бор ҳайдовчилар йўналтирилади. Постларда ташкил этилган маъмурий амалиёт биносидаги банк терминаллари орқали қарздорлик бўйича тўлов амалга оширилганидан сўнг, уларнинг ҳаракатини давом эттиришга рухсат берилади.

Техник кўрикдан ўтмаган, суғурта полиси муддати ўтган транспорт воситалари юзасидан маъмурий баённома тузилгандан сўнг, вазн ва ҳажм параметрларини бузиб ҳаракатланган транспорт воситалари бўйича эса вазн ва ҳажм параметрлари тегишли нормага мослаштирилган тақдирда, уларнинг ҳаракатини давом эттиришга рухсат берилади.

Қизил йўлакка йўналтирилган ҳайдовчиларга жарима тўлаш, суғурта полисини янгилаш ва бошқа ҳужжатлардаги камчиликларни бартараф этиш учун маъмурий амалиёт биносида хизмат кўрсатилади. Қоидабузарлик ва ҳуқуқбузарликни бартараф этган ҳайдовчилар довондаги ҳаракатини давом эттиради.

Фото: Нуруллоҳ Шарипов / «Газета.uz»

Қарздорлик тўланмаган ҳолларда транспорт воситалари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 291-моддаси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 25 майдаги 149-сон қарори билан тасдиқланган қонунчилик ҳужжатлари бузилганлиги учун ушланган транспорт воситалари махсус тўхташ жойларига қўйилади.

Вазн ва ҳажм параметрларини бузиб ҳаракатланган транспорт воситалари бўйича вазн ва ҳажм параметрларини тегишли нормага мослаштирилмаган ёки объектив сабабларга кўра бунинг имкони бўлмаган тақдирда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ушлаб туриш чоралари кўрилади.

Қидирувда бўлган транспорт воситалари аниқланганда, ушбу транспорт воситалари дарҳол махсус тўхташ жойларига жойлаштирилади.

Республиканинг қолган 29 та йўл-патруль хизмати стационар постларида ушбу тизим 6 босқичда 2025 йилгача тўлиқ жорий этилади.